Россия хавфсизлик хизмати раҳбари Украинани яна терактда айблади
Архив сурат
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) раҳбари Александр Бортников Москва яқинидаги «Crocus City Hall» концерт залига уюштирилган қонли ҳужумда Украина ҳарбий разведкаси бевосита иштирок этганини маълум қилди.
Бу ҳақда «ТАСС» ахборот агентлиги хабар бермоқда. Россия бу каби айбловларни илгари ҳам билдирган. Аммо Бортников ўз фикрини тасдиқловчи далиллар келтиргани йўқ.
«Тергов давом этмоқда, бироқ ҳозирданоқ айтиш мумкинки, Украина ҳарбий разведкаси ушбу ҳужумда бевосита иштирок этган», — дея Бортниковнинг сўзларидан иқтибос келтирган ахборот агентлиги.
ФХХ раҳбари, шунингдек, НАТО ҳарбий альянсини Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Афғонистондаги халқаро террористик ташкилотларнинг ёлланма аскарларини Украинага олиб ўтишда айблаган. Бортниковга кўра, улар Россия кучларига қарши жанг олиб боришлари мумкин.
«Crocus City Hall»даги терактни ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олганди. Украина эса бу хунрезликда алоқаси йўқлигини бир неча маротаба такрорлаган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг