Ромитанда иш бошлаган янги лойиҳа нимаси билан жозибадор?
Ромитан туманидаги “Buxara karakul islam” масъулияти чекланган жамияти қоракўл териси ва унинг чиқимларидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган бизнес лойиҳа амалга оширилди. Умумий қиймати 6,1 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа рўёбига Инновацион ривожланиш агентлиги салмоқли молиявий ҳисса қўшди.
Ташаббускорларнинг таъкидлашларича, ўз вақтида кимёвий ишлов берилмагани ёки эҳтиётсизлик оқибатида қоракўл терисига куя тушади.Ҳашарот терининг оқсил ёғ қисмини у ёки бу даражада еб, хом ашё сифатига зиён етказади.Терини тузлаш жараёнида йўл қўйилган хатолар ҳам унда кўзга кўринмас нуқсонлар келтириб чиқаради. Шу туфайли бундай маҳсулотга харидор топилмайди. Оқибатда заҳматли меҳнат маҳсули саналган хом ашё қайта ишланмай чиқитга чиқарилади. Ваҳоланки, изланишлар шуни кўрсатмоқдаки, замонавий компьютер технологиялари воситасида бундай териларни ҳам сифатли хом ашё ҳолатига келтириш мумкин. Лойиҳа мана шуниси билан жозибадор ва қимматлидир.
Айни пайтда корхонада 20 нафардан зиёд ишчи – мутахассиснинг бандлиги таъминланиб, инновацион технология асосида аёллар ва эркаклар бош кийими, пўстин ва камзуллар ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда пировардида йилига 50 минг дона қоракўл терини қайта ишлаш қуввати яратилади.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг