Риштондаги томорқачилик кластерида цитрус мевалар етиштирилмоқда

14:07 17 Ноябрь 2022 Жамият
901 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилоятининг Риштон туманига қарашли «Бирлашган» МФЙ ҳудудида ташкил этилган томорқачилик кластери томонидан 2 та 7 сотихли иссиқхонада лимон, апельсин, грейпфрут ва мандарин парваришланмоқда.

Бу йил лимон кўчатларининг ҳар бир тупидан 50-60 кг, умумий миқдорда 8-9 тонна ҳосил йиғиштириб олиш мақсад қилинган. Мандарин ва апельсиннинг ҳар бир тупи 40-45 кг ҳосил бериши кутиляпти. Албатта, ҳосил салмоғи йилдан-йилга ошиб бораверади.

— Бугун деҳқоннинг шунчаки ҳаётий тажрибага эга бўлиши етарли эмас, у ҳар томонлама билимли бўлса, даромади ҳам шунга яраша бўлади, — дейди томорқачилик кластери иш бошқарувчиси Воҳиджон Раҳимов. — Бу борадаги изланишлар натижасида цитрус меваларни ўзимизда етиштириш ҳамда ички бозорга чиқариш имкониятига эга бўлдик. Айни пайтда ушбу тажриба туман миқёсида кенг оммалашаётганидан мамнунмиз.

Томорқачилик кластерида цитрус меваларни кўпайтириш ва аҳолининг амалий кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув маркази ташкил этилган. Шунингдек, мева-сабзавотларни сақлаш учун 500 тонна сиғимга эга совутгичли омборхона ҳам қуриб битказилди.

Кластер раҳбари Исомиддин Ўринбоевнинг маълум қилишича, шу кунларда туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда ун ишлаб чиқариш цехини ишга тушириш ҳаракати давом этмоқда. Ўз навбатида кластер томонидан паррандачиликни ривожлантириш мақсадида аҳоли хонадонларига 20 минг дона жўжалар етказиб берилди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер