Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини ССВ томонидан тасдиқланишини назарда тутувчи ортиқча бюрократик норма чиқариб ташланмоқда

13:53 26 Декабрь 2023 Сиёсат
376 0

Иллюстратив фото

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида «Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги ҳамда «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунларнинг айрим нормаларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Яъни, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатидан рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини йилига камида бир марта тасдиқлаш нормаси ва унга алоқадор бўлган бандлар чиқарилмоқда.

Чунки, амалиётда ушбу тартиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказиладиган буйруқни қабул қилишини назарда тутади. Бу эса бир муддат вақтни талаб қилади. Ушбу вақт давомида дори воситаларининг ўрамида ва қўллаш бўйича йўриқномасида рецептсиз берилиши кўрсатилганлигига қарамасдан улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатига киритилгунига қадар уларни қўллаш тартиби мавҳум бўлиб қолмоқда.

Бунда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази экспертлар кенгаши томонидан рўйхатдан ўтказиш мақсадида бир ойда камида 2 марта йиғилиш ўтказилиши инобатга олинса, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини шунча марта янгилаш ва Адлия вазирлигидан ўтказиш зарур бўлмоқда.

Қонун лойиҳаси билан рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланишини назарда тутувчи ортиқча бюрократик норма чиқариб ташланмоқда. Натижада дори воситалари Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши чоғида «Дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартиби тўғрисидаги низом» асосида унинг рецептсиз ёки рецепт асосида берилишига оид тоифаси аниқланади. Давлат рўйхатидан ўтказилган дори воситаси автоматик шаклантирилиб бориладиган рўйхатда қайд этилиб, очиқ веб-сайтда жойлаштирилади.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида дори моддалари (субстанциялар)ни давлат рўйхатидан ўтказишга оид нормани бекор қилиш назарда тутилмоқда. Чунки бугунги кунда дори воситаларини ишлаб чиқариш амалиётига жорий қилинган халқаро стандартлар (ГМП) ва сифат назоратига қўйилган талаблар доирасида субстанцияларни назорат қилишнинг альтернатив механизмлари жорий этилган.

Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган янгиликлар соҳадаги айрим такрорланувчи ва бюрократик талабларни бекор қилиш орқали республика аҳолисининг сифатли, хавфсиз, самарадор ва арзон дори воситалари билан таъминлаш даражасининг ошишига хизмат қилади.

Қизғин баҳс-мунозаралар, узоқ давом этган савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер