Республика ишчи гуруҳи Самарқандда

16:47 20 Апрель 2022 Жамият
814 0

Фото: Халқ сўзи

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли муаммоларини тизимли ҳал этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар натижадорлигини ўрганиш мақсадида Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов бошчилигида ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва Бош прокурор ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурори, генерал-майор Шуҳрат Узоқов Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.

Дастлаб ишчи гуруҳ Самарқанд халқаро аэропортида йўловчилар учун яратилган қулайликлар, яъни багажларни текшириш ва ўтказиш, паспорт назорати, қайддан ўтказишда ўз-ўзига хизмат қилиш жараёнлари билан танишди.

Шундан сўнг Паяриқ туманида реконструкция қилинаётган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ҳамда унга ёндош жойлашган Ҳадис илми мактабидаги мавжуд шароитлар ўрганилди. Ишчи гуруҳ Самарқанд туризм маркази, «Конигил мерос», «Самарқанд-Бухоро ипак гилами» корхоналарида ҳам бўлди.

Бундан ташқари Ургут тумани «Савғон» маҳалласида «Яшил ҳудуд» дастури доирасида амалга оширилаётган ишларга, «Дехқонобод» маҳалласидаги мактабгача таълим муассасасидаги шарт-шароитлар, «Узбиогаз» МЧЖ, «Мамаджон Нурафшон» ҳамда “Sam electro service” корхоналари фаолиятига ишчи гуруҳ алоҳида диққат қаратди.

Жаҳонда биогаз олиш технологиясининг 60 дан ортиқ тури мавжуд. Улар орасида кенг тарқалгани махсус ускуналарда органик моддаларни бижғитиш усулидир. Қишлоқ шароитида бу усул орқали кичик ҳажмдаги биогаз қурилмаларини ўрнатиш жуда қулай. Мутахассисларнинг фикрича, ҳар бир қорамол чиқиндисидан бир кунда 4,2 кубометргача биогаз олиш мумкин. Бошқача айтганда, битта қорамол чиқиндисидан олинадиган кунлик биогаз қарийб 10 килограмм ёғоч-ўтин ёки 5 килограмм кўмир энергиясига тўғри келади.

Шу йил Ургут туманининг «Деҳқонобод» маҳалласида яшовчи Чингиз Баротов хонадонида ҳам кичик ҳажмдаги биогаз қурилмаси ўрнатилган эди. Ҳозирги кунда ушбу қурилма орқали 10 га яқин қорамол чиқиндисидан маҳалла ҳудудидаги 150 ўринга мўлжалланган боғчага биогаз етказиб берилмоқда.

— Хитойда ҳар бир хонадонда биогаз бор, — дейди «Узбиогаз» МЧЖ раҳбари Алижон Темиров. — Улар органик чиқиндилардан унумли фойдаланиб, ҳам фойда кўради, ҳам ўз эҳтиёжи учун ишлатади. Бу тажрибани ўрганиш мақсадида Хитойга бордим ва хитойлик мутахассислар билан тажриба алмашиб, фермер ва хонадонлар учун биогаз қурилмаларни ишлаб чиқарувчи цех ташкил қилдим. Ҳозир биогаз қурилмаларини ишлаб чиқариш билан бирга қурилмалардан эксперимент сифатида фойдаланяпмиз.

Шу билан бирга ўрганишлар давомида «Сариқтепа» маҳалласидаги 48-мактабда меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. «Мерганча» маҳалласидаги 154-мактаб ўқувчилари учун китоблар совға қилинди.

Республика ишчи гуруҳи ўрганишлари давом этмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер