Республика бўйича 100 минг гектар пахта майдонида апробация ўтказилади
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида уруғлик пахта майдонларида дала апробация кўригини ўтказиш бўйича республика кўргазмали ўқув-семинари ўтказилди. Дала-ўқув семинарида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг соҳага тегишли бошқарма бошлиқлари ва ходимлари, Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш, Уруғчиликни ривожлантириш марказлари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё, Самарқанд ва Хоразм вилоятларининг қишлоқ хўжалиги бошқарма бошлиқлари, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва «Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази» давлат унитар корхонаси ҳудудий раҳбарлари, Уруғчиликни ривожлантириш марказининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари, Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти ва бошқа манфаатдор ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда 2023 йил ҳосили учун уруғлик пахта хомашёсини жамғариш мақсадида уруғлик ғўза майдонларига холисона баҳо бериш ҳамда апробацияни сифатли ўтказиш юзасидан амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
— Хабарингиз бор, жорий йил 7 июлда давлатимиз раҳбари томонидан «Пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларни жорий қилишнинг қўшимча ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди, — деди семинар аввалида сўз олган қишлоқ хўжалиги вазири биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев. — Мазкур қарор билан Президентимиз ҳузурида Пахтачилик Кенгаши ташкил этилди.
Қарорда пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчиликни, нав танлаш, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ишларини йўлга қўйиш орқали пахта-тўқимачилик соҳасида экспорт ҳажмлари ва даромадни ошириш вазифаси белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги «Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳудудларни юқори авлодли уруғликлар етиштиришга ихтисослаштириш тизими жорий этилди.
Мазкур қарор ижроси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳокимликларининг таклифларига асосан ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, пахтачилик йўналишида 119 та туман, 390 та ҳудудларидан танлаб олинган 3172 та субъектнинг жами 100 минг гектар ғўза майдони уруғлик пахта етиштиришга ихтисослаштирилди.
Ҳозир соҳа ходимлари олдида ўта муҳим тадбир – уруғлик майдонларда апробация ўтказиш вазифаси турибди. Асосий мақсад- келгуси йил ҳосили учун сифатли уруғлик фондини яратишдан иборатдир. Бу соҳа учун ўта муҳим масала. Чунки тажриба апробацияга юзаки ёндашув салбий оқибатларга олиб келишини кўрсатмоқда. Таъкидланишича, 2021 йилда ҳудудлардаги масъуллар томонидан уруғлик пахта жамғарилишида ҳамда уруғлик чигитни ҳисоб- китоб қилишда қатор камчиликларга йўл қўйилган. Мисол учун ўтказилган апробация тадбирларида уруғлик майдонлардан 40-45 ўрнига 60- 65 фоизгача уруғлик пахта хом ашёси жамғарилишига йўл қўйилган. Оқибатда бу уруғлик пахтани териб олиш тартиби бузилишига, сифатсиз уруғлик жамғарилишига сабаб бўлган. Республика бўйича 16 минг 354 тонна уруғлик чигит экишдан ортиб қолган.
Семинарда мониторинг натижалари атрофлича таҳлил этилди, ғўза парваришида йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан зарур чора – тадбирлар белгиланди. Апробацияни сифатли ўтказиш борасида тўпланган тажриба ўзаро баҳам кўрилди. Айни дамдаги вазият «Ғиждувон супер элита уруғчилик» масъулияти чекланган жамияти дала майдонларидаги ғўза парвариши мисолида тушунтирилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг