Реклама қонунчилигини бузган 6 та қурилиш компанияси жаримага тортилди

14:57 15 Апрель 2026 Жамият
286 0

Рақобат қўмитаси реклама қонунчилигини бузган 6 та қурилиш компаниясига нисбатан молиявий жарима қўлланилганини маълум қилди.

Билдирилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 майдаги ПҚ-4732-сон қарори билан тасдиқланган «Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги низомга мувофиқ, Улуш киритиш асосида қуриш учун маблағларни жалб этувчи қурувчиларнинг электрон рўйхатига киритмаган ҳолда қурилиш объектларини реклама қилиш тақиқланади.

Рақобат қўмитаси томонидан мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганишлар давомида «Humo Avenue» МЧЖ, «Story Dom Siyob» МЧЖ, «Aziya Makon City» МЧЖ, «Aziza Credo Max» МЧЖ, «Shoxsaroy Enter Group» МЧЖ ҳамда «Qorasuv Avenue» МЧЖ қурилиш корхоналарининг қурилиш мажмуалари электрон рўйхатга киритилмаганлиги, бироқ ушбу турар жой мажмуалари ижтимоий тармоқларда реклама қилинаётганлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунда тақиқланган товарларни, шунингдек, ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, қўмита махсус комиссияси томонидан 6 та қурилиш компанияси қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган деб топилиб, уларга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган. Шунингдек, қонунбузилиши ҳолатини тўхтатиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан кўрсатма берилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер