Рейтинг — барака гарови
Нотинч ва ижтимоий адолат таъминланмаган жойга кишининг оёғи тортмайди. Натижада бундай ҳудудлардан барака қочади. Аҳли дунёнинг ихлоси қайтади. Замон тилида буни инвестицион жозибадорлик деб аташ мумкин. Унинг ўз мезонлари мавжуд.
Дунёда мамлакатларнинг инвестицион жозибадорлиги 15 та мезон бўйича, яъни эгалик, инновация, солиқ солиш, технология, коррупция даражаси, эркинлик (шахсий, тижорий ва молиявий), бюрократия ва инвесторлар ҳимояси каби мезонлар билан баҳоланиб, «ишчи кучи», «инфратузилма», «бозор ҳажми», «ҳаёт сифати» ва «сиёсий хавф» каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилар экан Республикамиз Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида»ги Фармони мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ва халқаро майдондаги имиджини мустаҳкамлаш билан бирга пировард натижада аҳоли турмуш даражасини яхшилаш мақсадларини ҳам ўзида ифода этади.
Мамлакатимизни ривожлантиришнинг бугунги босқичида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда уларнинг ҳуқуқий асослари Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилнинг 12 декабрида қабул қилинган «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2018 йил 11 апрелдаги «Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида таъминланди. Натижада халқимизга хар томонлама кенг қулайлик яратиш, юртимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини хар жабҳада кўтариш, мавқеини мустаҳкамлаш, барча соҳаларни ривожлантириш мақсадида замонавий ахборот коммуникациялар ва технологияларини жорий этиш бош мақсад этиб белгиланди. Давлат хизматларининг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва фойдаланиш имконини тубдан ошириш бўйича комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилиб, «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган улуғвор ғояни амалга ошириш механизми яратилди ва замон талаби асосида такомиллаштирилмоқда.
— Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини изчиллик билан такомиллаштириш аҳоли ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади, - дейди ДХА Навоий вилоят бошқармаси матбуот котиби Нодира Самандарова. — Бугун вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида Давлат хизматлари марказлари орқали жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Энг муҳими, хорижлик инвесторларнинг ҳам давлат хизматига бўлган эҳтиёжлари белгиланган тартиб ва муддатларда адо этилмоқда. Мисол учун Нурота туманининг Чуя қишлоғида қад кўтараётган заводнинг юридик номимасъулияти чекланган шаклидаги "Trade"Production International" қўшма корхонаси. У Ўзбекистон ва Америка ишбилармонлари ҳамкорлигида қуриляпти. Корхона Нурота туманининг давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтказилди. Табиий пардозбоп тошларни қазиб олиш ва қайта ишлаш учун 2 гектар ер ажратилиб, тошга ишлов беришнинг Италия технологияси келтириб ўрнатилмоқда. Мазкур корхона туфайли маҳаллий аҳоли учун 200 та янги иш ўрни яратилади...

Эътирофлиси, ушбу қўшма корхона мутахассислари давлат хизматига бўлган барча мурожаатларини онлайн тарзда интернет орқали амалга оширдилар.
Пандемия карантини шароитида Нурота туманида олинган давлат хизматларнинг 40 фоизи онлайн шаклда амалга оширилди. Туман ДХМ бош мутахассиси Абдухолис Расулов таъкидлашича, йил бошидан буён аҳоли ва фуқароларга 2200 та давлат хизмати кўрсатилган бўлса, шундан 328 таси юридик мақомга эга бўлган корхоналар очилишига тўғри келади.
Вилоятнинг Навбаҳор туманида эса Давлат хизматлари маркази ўтган беш ой мобайнида 6,5 минг кишига хизмат кўрсатди. Натижада 160та юридик мақомга эга корхона рўйхатдан ўтказилиб, май ойининг ўзида 50дан ортиқ МЧЖ шаклидаги ишлаб чиқариш субъектларига асос олинди. Туман ДХМ бош мутахассиси Умиджон Тўраевнинг таъкидлашича, 3 та тикувчилик фабрикаси ишга туширилиб, уларда қарийб 2 минг хотин- қиз ўз иш ўрнига эга бўлади. Чунончи, туманда бунёд этилаётган "QORAJON TEXTILE" масъулияти чекланган жамият тикувчилик фабрикасида 300 иш ўрни , (икки навбатда 600) навбаҳорлик хотин-қизнинг бандлиги таъминланади. Япония ускунасозлиги технологияси билан жиҳозланмоқда. "NAVBAHOR KASABA CHEVARLARI" масъулияти чекланган жамиятга қарашли тикувчилик фабрикасига эса Германиянинг "Зингер" тикув машиналари келтирилган. Фабрика икки навбатда 800 нафар маҳаллий хотин-қизларни доимий иш билан таъминлайди. Худди шундай фабрика туманнинг «Қалқонота» маҳалласида ҳам қурилмоқда.

Бугун Республикамизда амалга оширилаётган кенг қамровли ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар юқорида келтирилган барча мезонларни ўз ичида олаётганлиги, барча ҳаракатлар мамлакат равнақи ва инсон манфаатларига қаратилганлиги давлатимиз халқаро рейтинги юқорилашига хизмат қилиши шубҳасиз.
Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг