Расмий статистика ҳуқуқий асослари белгиланмоқда

09:21 28 Май 2021 Иқтисодиёт
1279 0

Жаҳон иқтисодиётида шиддат билан ривожланаётган рақобат муҳити шароитида барча йўналишдаги фаолиятни бугунги ва эртанги кун талаби асосида ҳамда жаҳон стандартларига мос равишда ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада мамлакатимизда миллий статистика соҳасини ривожлантириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.

Бу жараён ўз навбатида амалдаги қонунчиликни ҳам такомиллаштиришни, эскирган нормаларни янгиларига алмаштиришни тақозо этиши табиий. Жумладан, «Давлат статистикаси тўғрисида»ги қонуни нормалари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Зеро, ушбу қонун 2002 йилда қабул қилинган бўлиб, халқаро тажрибани ўрганиш натижаси унинг ҳозирги шароитга ва халқаро тавсияларга тўлиқ мос келмаслигини, унда бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Масалан, амалдаги қонунда фақатгина давлат статистика органлари фаолияти тартибга солиниб, статистик маълумотларнинг бошқа ишлаб чиқувчилари фаолияти инобатга олинмаган. Статистика маълумотларини ишлаб чиқувчи бошқа давлат органларининг вазифа ва функциялари акс эттирилмаган. Статистик маълумотларни ишлаб чиқариш, улардан фойдаланиш ва эълон қилиш бўйича барча ишлаб чиқувчилар учун умумий тартиб-қоидалар ўрнатилмаган. Статистика соҳасида кўп қўлланиладиган расмий статистика, расмий статистикани ишлаб чиқувчи, респондент, фойдаланувчи, статистик маълумотлар, маъмурий маълумотлар, индивидуал маълумотлар, статистик кузатув ва бошқа тушунчаларга изоҳ берилмаган.

Шундан келиб чиқиб, илғор хорижий тажрибалар ва халқаро ташкилотлар тавсиялари асосида амалдаги қонун ўрнига «Расмий статистика тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳасини шакллантиришда БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси томонидан ишлаб чиқилган ва 2016 йилда халқаро даражада амалиётга жорий этиш учун тавсия этилган модель қонунига таянилган.

Қонун лойиҳасида қуйидаги муҳим нормалар белгиланмоқда.

Биринчидан, статистикани юритиш соҳасидаги халқаро тажрибадан келиб чиқиб, «Расмий статистика» тушунчаси ва статистика соҳасида қўлланиладиган асосий тушунчалар киритилмоқда. Яъни, статистика соҳасидаги халқаро амалиёт ва умум эътироф этилган стандартларга мувофиқ «расмий статистика» тушунчаси мамлакатдаги расмий статистикани шакллантирувчи барча ташкилотлар фаолиятини қамраб олади.

Иккинчидан, миллий статистика тизими таркибига статистика органлари билан бир қаторда расмий статистика масалалари доирасида расмий статистикани бошқа ишлаб чиқувчилари ва тарқатувчиси бўлган давлат органлари ҳам киритилмоқда. Маълумот учун айтадиган бўлсак, бугунги кунда расмий статистикани ишлаб чиқувчи ва тарқатувчи бир қатор ташкилотлар (Давлат статистика қўмитаси, Марказий банк, Молия вазирлиги ва бошқалар) мавжуд бўлиб, уларнинг фаолиятини тартибга солувчи ва ўзаро мувофиқлаштирувчи ягона тизим мавжуд эмас. Масалан, Марказий банк Ўзбекистон Республикасининг тўлов балансини, халқаро инвестициявий мавқеини, ташқи қарзини ва захира активларини ўз ичига олган пул-кредит статистикасини шакллантиришни ҳамда эълон қилишни амалга оширади, инфляция даражасига оид статистик маълумотларни эълон қилади. Молия вазирлиги давлат молия статистикасини юритади. Лекин ушбу маълумотлар қай даражада халқаро стандартларга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги, статистик маълумотларни шакллантиришда статистик услубиётларга амал қилиниши ўрганилмайди.

Учинчидан, қонун лойиҳасида расмий статистикани ишлаб чиқувчилар, уларнинг вазифа ва мажбуриятлари, шунингдек расмий статистика маълумотларини ишлаб чиқаришда бевосита иштирок этувчи давлат органлари, респондентлар, маъмурий маълумотларни етказиб берувчилар ҳамда статистик маълумотлардан фойдаланувчиларнинг ҳам вазифа ва мажбуриятлари, хусусан бирламчи маълумотлар билан ишлаш, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли индивидуал маълумотлар махфийлигини таъминлаш бўйича ягона талаблар белгиланмоқда.

Тўртинчидан, статистика дастурлари ва кузатувлари, уларни тузиш ва тасдиқлаш тартиби ўрнатилмоқда. Амалдаги қонунда статистика ишлари дастурининг тавсифи, уни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби батафсил ёритилмаган, узоқ йиллик ва йиллик статистик дастурларни ишлаб чиқиш, келишиш, тасдиқлаш ва молиялаштириш тартиби, статистик кузатувлар ҳамда рўйхатга олишларнинг турлари ва уларни амалга оширишга оид қоидалар назарда тутилмаган.

Бешинчидан, расмий статистик маълумотларнинг сифати ва уларни баҳолаш бўйича талаблар белгиланмоқда. Амалдаги қонун билан статистик маълумотларни ишлаб чиқувчилар учун расмий статистик маълумотларнинг сифати ва уларни баҳолаш бўйича талаблар мавжуд эмас. Қонун лойиҳасида статистиканинг сифатини таъминлаш мақсадида расмий статистикани ишлаб чиқувчилар маълумотларни баҳолашнинг статистик усулларидан фойдаланиши, фойдаланиладиган манбалар ва усулларни ҳужжатлаштириб бориши, респондентларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, илмий жамоатчилик билан статистик услубиётни баҳолаш ва уни такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш каби механизмлар киритилмоқда.

Олтинчидан, статистик маълумотлар билан ишлашга оид қоидалар аниқлаштирилмоқда. Ҳозирда статистик маълумотларни ишлаб чиқариш, улардан фойдаланиш, эълон қилиш ва тарқатиш, шунингдек, қайта ишлаш ва сақлашда ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида талаблар белгиланмаган. Қонун лойиҳасида маъмурий, индивидуал ва махфий маълумотлардан фойдаланиш қоидалари ва мақсадлари белгиланмоқда. Шунингдек, расмий статистикани ишлаб чиқувчилар томонидан статистик маълумотларни барчага баравар фойдаланиш имконини яратиш, уларни фойдаланувчиларга тушунарли бўлиши учун изоҳлар билан бирга белгиланган муддатларда нашр қилиниши ҳамда расмий сайтлар ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши таъминланиши назарда тутилмоқда.

Еттинчидан, расмий статистикани барча ишлаб чиқувчилари томонидан статистик услубиётларни, бошқарув принциплари ва тавсияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича хорижий давлатларнинг статистика идоралари ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширишга оид нормалар назарда тутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонуннинг қабул қилиниши аввало, миллий статистика тизими халқаро стандартларга мос равишда ислоҳ қилинади. Мамлакатдаги расмий статистик маълумотларни ишлаб чиқувчи барча давлат органларининг фаолияти тартибга солинади. Расмий статистика соҳасини мувофиқлаштирувчи ваколатли органнинг профессионал мустақиллиги ҳамда расмий статистик маълумотларнинг халқаро даражада тан олиниши таъминланади. Фойдаланувчиларнинг шаффоф, ишончли, сифатли ва долзарб расмий статистик маълумотларга эга бўлади.

Абдиғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер