Рағбат янги мақсадлар эшигини очди

17:09 30 Август 2022 Жамият
875 0

Фото: Халқ сўзи

Хаттотлик санъати авлодлар оша эъзозланиб, бардавом этиб келяпти ва бундан кейин ҳам бу ҳунар қадр-қиммати ошиб боришига шубҳам йўқ.

Самарқанд мисолида олиб қарайдиган бўлсак, вилоят “Ҳунарманд” уюшмаси таркибида фаолият юритаётган хаттотларга ўзим бошчилик қилиб келаман. Ўндан ортиқ шогирдим бевосита қўл остимда ушбу санъат сирларини ўрганмоқда. Етарли кўникмага эга бўлган элликка яқин шогирдларим вилоятимизнинг турли ҳудудларида мустақил фаолият юритишяпти. Бундан ташқари бир нечта шогирдим хорижий давлатларда ушбу санъат билан шуғулланмоқда.

Бу қадимий санъатга бугун ҳам талаб юқори. Агар шундай бўлмаганида бугун биз Самарқанднинг “юраги” бўлган Регистон майдонида, қадимдан илм-фан маркази саналган Улуғбек мадрасасида фаолият кўрсатмаётган бўлардик. Бугун сайёҳлик марказига айланган Мирзо Улуғбек мадрасаси ўз даврида илм-маърифат ўчоғи бўлганини барчамиз яхши биламиз. Бу ҳақида хориждан келаётган сайёҳлар ҳам тушунча ва тасаввурларини бойитиб кетмоқдалар. Улар учун махсус маҳорат дарсларини ташкил қилиб, мўъжазгина ҳужрамизда ўрта асрлар муҳитини яратган ҳолда 5-10 кишилик дарсхонада хатотлик санъати машғулотларини ўтказамиз. Сайёҳлар олдиндан маҳорат машғулотларига буюртма беришади. Ярим соатлик машғулотлар давомида улар ўз исмлари, тилак ва истакларини махсус қоғоз ёки терига ёзишади. Бу лаҳзаларда улардаги завқни, ҳайрат ва қувончни кўришнинг ўзи мароқли...

Ҳар бир соҳа ривожи иқтисодий имкониятлар билан узвий боғлиқ. Хаттотлик санъатини давом эттириш учун ҳам маблағ, керакли воситалар зарур. Бу борада ўзига хос йўлни танлаган ҳолда совғабоп маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйганмиз. Турли шакллардаги Самарқанд қоғози, тери ва шу каби маҳсулотларга Қуръони Карим оят ва калималарини ёзиб, совғабоп маҳсулотлар тайёрлаймиз.

Ўз имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда катта ҳажмда Қуръон китобати билан шуғулланяпмиз. Шу кунгача иккита катта ҳамжда битилган Қуръон китоби тайёр бўлди. Биринчиси Мирзо Улуғбек мадрасаси музейидан жой олди. Иккинчиси Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказига совға қилинди. Учинчи катта Қуръон китобини муқаддас динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий бобомизнинг янгидан бунёд этилаётган мажмуасига топширишни мақсад қилганмиз.

Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги арафасида Президентимиз Фармони билан бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида мен ҳам “Дўстлик” ордени билан тақдирлангандим. Камтарона меҳнатим юксак даражада эътироф этилганидан бошим осмонга етди. Бундай рағбат янги мақсадлар томон эшик очди. Миллий ҳунармандчилигимиз ривожи йўлида янги орзу ва ниятлар пайдо бўлди. Энди уларни рўёбга чиқариш учун астойдил бел боғлаймиз.

Жалил Эргашев,

“Дўстлик” ордени соҳиби,

“Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси, хаттот,

Самарқанд вилояти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер