Қуёш сеҳри, ой латофати мужассам шаҳар
Фото: Халқ сўзи
21 – 25 май кунлари Бухорода халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали бўлиб ўтади
Шу йилнинг 21-25 май кунлари Бухоро яна бир нуфузли анжуманга мезбонлик қилади. Кўҳна шаҳарда халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали бўлиб ўтади. Мамлакатимиз Президентининг тегишли қарорига мувофиқ илк бор ўтказилаётган бу анжуман халқ амалий санъатининг мазкур икки йўналишидаги энг яхши анъаналарини равнақ топтириш, ўзаро тажриба алмашиш, ҳунармандчилик мактабларини янада ривожлантириш, зардўзлик ва заргарликнинг ноёб намуналарини тарғиб қилиш, юртимиз сайёҳлик салоҳиятини ошириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.
Буни алоҳида таъкидлашимиз бежиз эмас. Зарафшон воҳаси қадим – қадимдан нафақат олтину кумуш каби ер ости бойликлари, балки бу қимматбаҳо маъданлардан инсон ақлини лол этадиган ноёб буюмлар яратган ҳунармандлари билан ҳам машҳур бўлган. Уларнинг зар иплардан тикилган миллий либослари, тилладан тайёрланган мўъжизавий осори атиқаларининг донғи етти иқлимга кетган.
Қуйида ҳар икки йилда бир бор ўтказилиши кўзда тутилган халқаро фестиваль, зардўзлик ва заргарлик тарихи, анъаналарнинг толмас давомчилари ҳақида сўз юритамиз.

Мозийга бир назар
1404 йилда испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо Амир Темур саройига ташриф буюрганида Соҳибқирон уни тўйга таклиф этади. Табиатан синчков элчи кейинчалик ўз хотираларида темурий шаҳзода Пирмуҳаммадни шундай тасвирлайди: «Подшоҳнинг невараси Пирмуҳаммад миллий удумга биноан жуда яхши кийинган эди. Устига кўк беқасам яктак, яктакнинг икки елкаси, кўкраги ва енгларига биттадан зарҳал ҳалқа тикилган. Бошидаги қалпоғи йирик марварид ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган, қалпоқнинг тепасига қадалган лаъл ёниб турарди».
Шу далилнинг ўзиёқ юртимизда зардўзлигу заргарлик санъатининг илдизи узоқ ўтмишга бориб тақалишини кўрсатади.
— ХIХ аср охири-ХХ аср бошларида Бухоро шаҳрида аҳолининг 25 фоизи ҳунармандчилик билан шуғулланган, — дейди Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Шодмон Ҳайитов. — Бундан 500 йил муқаддам махсус барпо этилган тимда заргарлар ҳам ишлаб, ҳам қимматбаҳо тақинчоқлар савдоси билан шуғулланишган. Улар тайёрлаган нодир буюмлар савдо карвонлари орқали дунёнинг турли гўшаларига олиб кетилган. Самарқанд, Хива, Қўқон каби қадимий шаҳарларда бўлгани каби кўҳна Бухорода ҳам бутун бошли ҳунармандлар маҳаллалари юзага келган. Манбаларда Бухоро ва Ғиждувон шаҳарларида Заргарлар (Заргарон) маҳаллалари мавжуд бўлгани айтилади.
Соҳа мутахассисларининг аниқлашича, ХХ аср бошида Бухорода 400 та заргарлик дўкони фаолият юритган. Бу ҳам маҳаллий усталарнинг қимматбаҳо маъданларга ишлов бериш ҳадисини олишганини кўрсатади. Бошқача айтганда, зар кокилли Зарафшон тупроғидан олинган тиллаю кумушлар инсон ақлу заковати билан кўзни яшнатадиган, кўнгилларга завқу шавқ бағишловчи санъат асарига, гўзаллик ва нафосат тимсолига айланган. Зеро, олтинда қуёшнинг битмас – туганмас қудратини, кумушда ойнинг гўзаллигини, марварид, ёқут, зумрад каби тошларда сеҳр кучини ҳис этганлар.
Бухоро давлат музей–қўриқхонасида ҳозир ана шундай нодир заргарлик буюмларининг мингдан зиёди сақланмоқда. Уларда Қуръон суралари, ҳикматли сўзлар, панду ўгитлар жуда нозик дид билан ёзилганини кўриш мумкин.
— Бухоро азал–азалдан дунёга, дунё эса Бухорога талпиниб яшаган, — давом этади Ш. Ҳайитов. — Сирасини айтганда, илму маърифат, маънавият бешиги саналган Бухорои шариф зарга, ўзида қуёш сеҳрининг қудрати, тўлин ой латофатини мужассам этган дуру гавҳарга ўхшайди.

Дунёда биргина аёл қолса ҳам, заргарга иш топилади
Ҳозир Бухорода ота-боболардан мерос ҳунарларни кўз қорачиғидек асраб- авайлаб келаётган усталар жуда кўп. Шодмон Саидмуродов уларнинг бири саналади. 13 йилдан буён заргарлик билан жиддий шуғулланиб келаётган бу йигитнинг ҳаётида унутилмас воқеалар кўп бўлган. Шодмон, хусусан, ўзига ЮНEСКОнинг «Сифат белгиси» сертификати топширилганини мароқ билан тилга олади.
— Аввалига ганчкорлик билан шуғулланганман, — дейди у. — Биласиз, ганчкорлик ҳам кишидан ижодий ёндашувни талаб қилинади. Ўй-фикрим нақшлар дунёсида шўнғиб юрганида устозларим «Ҳар бир ишни заргарона бажар», дея йўл-йўриқ беришарди .Шу сабаб бўлди чоғи, менда ганчкорликдаги нақшлар жилосини заргарликка қўллаш фикри туғилди. Устозим Низом Зариповдан шу ҳунар сирларини қунт билан ўргандим.
Айтиш керакки, заргарлик кишидан ўткир нигоҳ, юксак дид, сабру тоқатни талаб қилади. Чинакамига заргар бўлмоқ учун ҳаваснинг ўзи етарли эмас .Билим, иштиёқ, чидам, фантазиясиз мақсадга етиш мушкул. Шодмон бунга ўз фаолияти мисолида ишонч ҳосил қилди. Ортда қолган ўн йил давомида тақинчоқ ва тилла буюмларнинг ўндан зиёд асл нусхасини яратди. Заргарликда унутилаёзган босма, филигран ҳамда иссиқ эмаль технологиясини қайта тиклашга муваффақ бўлди. Шу каби меҳнатлари эвазига ЮНEСКОнинг «Сифат белгиси» сертификатини қўлга киритди.
Оддий бир ҳунарманд эришаётган ютуқлар замирида давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан халқ амалий санъатини янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб – қувватлаш борасида қабул қилган Фармон ва қарорлари ётибди, албатта. Масалан, «Ҳунарманд»уюшмасига аъзо усталарга солиқ борасида имтиёзлар берилган. Заргарлар эса қиймати беш минг АҚШ долларигача бўлган маҳсулотни хорижга олиб чиқиш имконига эгалар.
Халқимиз «Зар қадрини заргар билади», дейиши бежиз эмас..Қолаверса, барча даврларда бу ҳунар эгаларига «Уста», дея иззат-икром кўрсатилган. Зотан, дунёда биргина аёл қолса ҳам, заргарга иш топилади.
Шодмонга келсак, унинг «Минораи Калон», «Ҳумо қуши», «Қашқар балдоқ» каби асарлари ўзига хос композицион ечими, фалсафий мазмун касб этиши, жозибаси билан кишини ўзига мафтун этади. Унинг қадимий карвонсаройдаги ҳужралардан бирида жойлашган устахонаси хорижий сайёҳлар билан доимо гавжум. Меҳмонлар устанинг ишини кузатишади, қўл меҳнати маҳсули бўлган заргарлик буюмларини мароқ билан томоша қилишади, буюртмалар беришади. Уста ҳатто Интернет орқали буюртма олиб, уни бекаму кўст бажармоқда. У халқаро фестиваль муносабати билан бир туркум заргарлик маҳсулотлари тайёрлади. Улар кўргазмадан ўрин олади, албатта.
— Шу ҳунар ортидан кўплаб юртларни кўрдим. АҚШ, Венгрия, Россия, Қозоғистон сингари давлатларда ташкил этилган халқаро фестивалларда иштирок этдим, — дейди заргар. — Қай бир давлатда бўлмай, музейларга кираман. Уларда биз, ўзбекистонлик ҳунармандларнинг асарларини кўрганимда кўнглим тоғдек кўтарилади.

Мактаб яратган устоз
«Бухоро зардўзлик мактаби» дейилганида бугун кўз олдимизга Ўзбекистон Қаҳрамони Муяссар Темирова, «Ташаббус» кўрик–танлови ғолиблари, «Шуҳрат» медали соҳиблари Бахшулло Жумаев, Маҳфуза Салимова каби тажрибали халқ амалий санъати усталари келади. Улар сафида Хуршеда Рузаева ҳам бор. Бу тиниб- тинчимас, изланувчан аёл жорий йилда бир гуруҳ юртдошларимиз қатори Президент Фармонига мувофиқ, «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.
Хуршеда зардўзлик дастгоҳи саналган корчўп олдига ўтирганида 13 ёшда эди. Қўлига нина тутган қиз ўшанда атрофидаги чеварларга тикиларкан, «Мен ҳам бувижоним, онажоним, холажоним каби моҳир зардўз бўлиб етишаман, уларга муносиб издош бўламан», дея қатъий аҳд қилганди. Яхши ният билан қўлига ҳунармандчилик анжомини тутганларни фаришталар қўллар экан. Ишни оддий белбоғ, елпиғич, чойнакпўш тикиш билан бошлаган Хуршеда йиллар ўтгач, моҳир зардўз бўлиб етишди.
— Зардўзлик кишидан кўз нури, қалб қўрини, сабру тоқат, қаноатни, ижодкорликни талаб қилади, — дейди у. — Айрим ишлар, хусусан, мўъжаз гиламларга ранг-баранг тасвирлар тушириш жараёни ойлаб давом этади. Тилла ва кумуш суви юритилган ип воситасида ипак матога туширган нақшларингиздан кўнглингиз тўлса, хотиржам тортасиз. Чарчоқларни унутасиз.
Бир пайтлар онасига шогирд тушган Хуршеда бугун ўнлаб ёшларнинг мураббийига айланди. Ундан ҳунар ўрганиш иштиёқидаги қизлар учун хонадонининг эшиги доимо очиқ. Мустақил тарзда ишлаб, оиласи ва жамиятимизга фойда келтираётган шогирдлари ҳам кўп.
Умуман, Бухоро зардўзлигида «зардўзи заминдўзи», «зардўзи–гулдўзи», «зардўзи–беришимдўзи» каби қадимий усуллар бор. Хуршеда Рузаева шу усуллар асосида қўл меҳнатининг ажойиб намуналарини яратмоқда. Ўз асарлари билан мамлакат ва халқаро миқёсда ўтказилаётган нуфузли анжуманларда фаол иштирок этаяпти.
— Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Бухорода халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалининг ўтказилишини биз, халқ амалий санъати усталарига билдирилган катта бир ишонч деб биламан, — дейди у. — Ота–боболардан мерос бу ҳунарни кўз қорачиғидек асраб, уни келгуси авлодга етказиш масъулияти зиммамизда турибди. Фестивалга келсак, унда бир туркум асарларимиз билан қатнашамиз. Хорижлик ҳунармандлар билан ўзаро тажриба алмашамиз.Тадбир янги ижодий ишларга туртки вазифасини ҳам ўтайди, албатта.

Фестиваль саҳнаси нимани эслатади?
Қадимий шаҳарда фестивалга тайёргарлик юмушлари ниҳоясига етмоқда. Атроф ранг–баранг гулларга бурканмоқда. Шинам кўчалар, салқин хиёбонларда байрамона руҳ ҳукмрон. Тунги чироқлар ёғдусидан кўҳна Бухоро яшаргандек таассурот қолдиради.
— Халқаро фестивалга пухта ҳозирлик кўрилди, — дейди «Ҳунарманд» уюшмаси Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи Акбар Муҳамедов. — Тадбирга хорижий давлатлар ҳамда республикамизнинг турли вилоятларидан юздан зиёд ўз ишининг устаси саналган зардўз ва заргарлар, сайёҳлар, чет эл давлатларининг мамлакатимиздаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари, кўплаб мутахассислар ташриф буюради. Фестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари кўҳна Арк қалъаси майдонида ўтказилади. Ҳунармандларимизнинг шу қалъа ҳудудидан то Лаби ҳовуз мажмуасигача бўлган ҳудудда кўргазма–савдо ярмаркаларини ўтказишлари, иш жараёнини кўрсатишлари учун барча қулайликлар яратилди.
— Фестивални рисоладагидек ўтказиш учун вилоят ҳокими бошчилигида штаб тузилган, — дейди Бухоро вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси масъул ходими Бобур Тўхсанов. — Ҳар бир жабҳада мониторинг ишлари олиб бориляпти. Шаҳримизга келадиган меҳмонларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, улар вақтини мазмунли ўтказиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Чунончи, шаҳарнинг тарихий қисмида тижорат банклари билан ҳамкорликда туну кун ишлайдиган банкоматлар ўрнатилди. Тезкор интернет алоқаси йўлга қўйилди. Гид таржимонлар учун семинарлар ташкил этилди.
Айтмоқчи, фестивалнинг асосий тадбирлари ўтиши кўзда тутилган Арк қўрғони олдидаги майдонда Бухоронинг қадимий «Шибирма» сирғаси шаклидаги саҳна бунёд этилди. Икки минг нафар томошабинга мўлжалланган бу гўшанинг кўриниши ҳам шаҳарда халқ амалий санъатининг илдизлари олисга бориб тақалишига кичик бир ишорадир.
Фестиваль дастуридан эса кўплаб тадбирлар ўрин олган. Чунончи, ҳунармандчиликка оид фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиш этилади. Ҳар бир ҳудуднинг миллий ҳунармандчилигини ўзида акс эттирган шаҳарчалар макетлари ўрнатилмоқда. Кўнгилочар тадбирлар уюштирилади. Тақдимот маросимлари ҳам режалаштирилган.
Фестиваль кунлари соҳанинг етакчи мутахассислари, экспертлар иштирокида «Анъанавий зардўзлик ва заргарлик санъатини ривожлантириш истиқболлари» мавзусида илмий- амалий конференция ташкил қилинади.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг