Қуёш панеллари – тежамкор технология
Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Юртимизда саноат ишлаб чиқаришнинг барча турлари электр энергияда ишлайди. Бир лаҳзалик энергия таъминотидаги узилишлар истеъмолчилик талаби ва ишлаб чиқариш ўртасида қанча муаммоларни келтириб чиқаради. Шу боис, мамлакатимизда электр энергиясидан самарали фойдаланиш, қайта тикланувчи муқобил энергия манбалари, яъни, қуёш панелларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳукуматимизнинг диққат марказида бўлиб турибди.
Бундан бир неча йил илгари Президентимизнинг «Нукус шаҳрида электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида «Nukuselektroapparat» МЧЖ қўшма корхонаси ташкил этилган эди. Юқори ва паст кучланишли трансформатор подстанциялари ишлаб чиқарилган мазкур корхонада эндиликда замонавий энергия тежовчи ускуналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

— Корхонамиз биринчилардан бўлиб қуёш панелларини тўлиқ автоматлаштирилган тартибда ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилди, — дейди «NUKUSELECTROAPPARAT» МЧЖ қўшма корхонаси бўлим бошлиғи Алишер Сеитов. — Бу ҳудудда электр энергияси танқислигининг олдини олишга, қайта тикланувчи муқобил энергия ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилади. Корхонанинг 92 млрд. сўм қийматидаги ушбу лойиҳаси ишга туширилиши натижасида 35 та янги иш ўринлари яратилди.
Корхонамизда 550 Вт қувватга эга ва умумий ўлчамлари 2272 × 1128 × 35 (мм) ва умумий йиллик ишлаб чиқариш қуввати 150 МВт бўлган монокристалли кремний гофретлари асосида юқори самарали қуёш панелларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Маҳсулотлар тегишли мувофиқлик сертификатига эга бўлиб, миллий ва халқаро стандартларнинг барча талабларига жавоб беради. Маҳсулотимизни маҳаллий ишлаб чиқариш қувватини ошириш ва нархларини арзонлаштириш нуқтайи назаридан ўз таклифимизни ишлаб чиқиб, тегишли ташкилотларга тақдим қилдик.

Мамлакатимизда яқин йилларда қуёш панелларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона бўлмаган. Нукус шаҳридаги мазкур қўшма корхонанинг янги лойиҳаси ишга қўшилиши билан ҳудудда қуёш панеллари тан нархининг пастлиги ва транспорт харажатларининг иқтисод бўлиши эвазига бутун халқимизга бирдек қулайлик яратади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг