Урганчда 3 минг дона зотдор қуёнлар боқилмоқда. Келгусида йилига 1,2 минг тонна қуён гўшти экспорт қилинади
Хоразмлик тадбиркорлар хориждан наслли қуён зотларини олиб келиб, маҳаллийлаштириш ҳамда уларни саноат усулида кўпайтиришмоқда.
“Халқ сўзи” газетасининг ушбу вилоят мухбири Одилбек Одамбоевнинг хабар беришича, Урганч тумани Чоткўпир қишлоғидаги МЧЖ шаклидаги “Хоразм қуён савдо” агрофирмаси ана шу йўналишда ташкил этилган замонавий корхоналардан биридир. Айни пайтда бу ерда “Янги Зеландия” зотига мансуб 3 минг бош қуён парваришланмоқда.
“Агрофирма ўтган йили 170 миллион сўмлик банк кредити ҳисобига Италиядан 114 дона зотдор қуён ва Европа технологияси асосида Тошкентда ишлаб чиқарилган панжарасимон катаклар олиб келинган эди. Ушбу зотга мансуб она қуён бир йилда 7-9 марта болалайди ҳамда ҳар сафар 14-16 та қуёнчаларни дунёга келтиради. Бир дона она қуёндан йилига ўртача 90-100 дона қуён боласи олиш мумкин. Ёш қуёнчалар кунига 50 граммдан вазн тўплаб, қарийб 80 кунда 3,5 килограммгача семиради. Уч ой мобайнида қуёнларнинг тирик вазни 3,5-4 килограммга етади ҳамда 56 фоиз, аниқроқ айтганда, 1,6-1,7 килограмм соф гўшт беради” , — дейди агрофирма раҳбари Бобожон Бобоев.
Қуён гўшти парҳезбоп маҳсулотлар сирасига киради. Унинг таркиби 90 фоиз оқсиллардан иборат бўлиб, юмшоқлиги, ёғ ҳамда холестерин моддасининг камлиги учун тиббиётда ҳам кенг қўлланилади. Унинг жуни — момиғи эса иссиқни сақлаш хусусиятига кўра, қўй жунидан бир неча баробар устун туради. Қуён терисидан оёқ кийимлар, сумкалар, қўлқоп ва бошқа маҳсулотлар тайёрлашда фойдаланилади.
Агрофирма мутахассиси Алишер Отажоновнинг маълум қилишича, Франциядан 9 минг дона “Х+” зотли қуёнларни олиб келинади. Мазкур лойиҳа дудланган, консерваланган ҳамда музлатиб қадоқланган ҳолда, йилига 1 минг 200 тонна қуён гўштини экспорт қилиш имконини беради.
Бунинг учун бир гектар майдонда 44 минг бош қуён боқишга мўлжалланган, замонавий технология билан жиҳозланган ферма биносини қуриш режалаштирилган. Янги лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида қўшимча 24 та иш ўрни яратилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг