Қурилишда сифат қай даражада?
Иллюстратив фото
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қурилиш, бунёдкорлик ишлар кенг қулоч ёймоқда. Бу яхши. Чунки бу орқали қанчадан-қанча одамлар уйли бўляпти, ҳудудлар чиройига чирой қўшиляпти. Бироқ айрим қурилиш объектларида кўнгилни хира қиладиган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Мисол учун, ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Дўстлик тумани Алишер Навоий номидаги маҳаллада қурилаётган 5 қаватли уй-жой мажмуасида буюртмачи “Илғор Дўстлик қурилиш” МЧЖ томонидан арматурасиз плиталар ишлатилаётгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу Қурилиш вазирлиги мутахассислари томонидан чуқур ўрганиб чиқилди.
Мана шу каби ҳолатларнинг олдини олишда Президентимиз томонидан жорий йилнинг 5 февраль куни имзоланган “Қурилиш-монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш ва қурилишни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарор қурилиш назорати соҳасида туб бурилишларга йўл очади. Айтиш керакки, 2019 йил якунига кўра, ҳудудий инспекциялар томонидан жами 30 493 та объект қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рўйхатдан ўтказилган. Мазкур объектлар қурилиши давомида Қурилиш вазирлиги инспекторлари томонидан жами 58 295 маротаба назорат ишлари амалга оширилган. Аниқланган камчилик ва нуқсонларларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган 16 629 та ёзма кўрсатма берилган. Объектлар қурилишида 1 462 та ҳолат бўйича сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари вақтинчалик қайта бажарилгунга қадар жами 72 786 млн сўмлик маблағ буюртмачилар томонидан чегириб қолинган.
Қарорда Қурилиш соҳасида назорат инспекциясининг бошқарув ходимлари чекланган сони 40 нафардан иборат тузилмаси, ҳудудий назорат инспекцияларининг намунавий тузилмаси тасдиқланди. Ваҳолонки, авваллари ҳар бир туман кесимида биргина штат бирлиги мавжуд бўлиб, инспекторга 135 тагача бўлган қурилиш объектлари тўғри келарди.
Вазирликдан маълум қилишларича, эндиликда объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини экспертиза қилишга, объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш тартиби ва даврийлигига қўйиладиган табақалашган талаблар уларнинг хавф-хатарлар тоифаси ва функционал мақсадларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Айни пайтда қарор ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқарилаётган ва импорт қилинаётган қурилиш маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича тўлиқ синовларни бажариш учун ҳам муайян ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида халқаро стандартлар, талаб ва меъёрларига мувофиқ маҳсулотлар синовларини тўлиқ амалга оширадиган замонавий синов ва назорат лабораторияларидан иборат “UzTest” давлат корхонасининг синов ва назорат комплексини ташкил этиш бўйича, Олмазор туманида 2 гектар майдонда қурилиш ишларини амалга ошириш юзасидан лойиҳа-пудратчи ташкилотлари билан музокаралар олиб бориляпти. Булар, ўз навбатида, қурилишнинг сифатли бўлишига хизмат қилади, албатта. Чунки сифатли қурилиш, сифатли маҳсулотга боғлиқ-да.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг