Қудуқда қолиб кетган фуқаро қутқариб олинди (+видео)
Фарғона вилояти Фарғона туманида содир бўлган фавқулодда ҳолатда 40 метрли қудуқ тубида қолиб кетган фуқаро муваффақиятли қутқарилди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тарқатган расмий маълумотга кўра, воқеа Фарғона туманидаги Соҳибкор кўчасида жойлашган хонадон ҳовлисида юз берган. Бу ҳақда «Vodiy24.uz» хабар берди.
Маълум қилинишича, 1977 йилда туғилган Х.Д. исмли фуқаро қудуқда шахсий электр либёткаси ёрдамида иш олиб бораётган вақтда қурилма техник носозлик сабаб тўхтаб қолган. Оқибатда у чуқурлиги 40 метр бўлган қудуқ тубида ёрдамсиз ҳолда қолиб кетган.
Вазият юзасидан зудлик билан Фавқулодда вазиятлар бошқармасига мурожаат қилинган. Қутқарув чақириқларига жавобан, бошқарманинг махсус вазифаларни бажарувчи минтақавий қутқарув отряди воқеа жойига етиб борган ва шошилинч қутқарув ишларини бошлаган.
Қутқарувчилар томонидан амалга оширилган тезкор ва ҳамоҳанг ҳаракатлар натижасида фуқаро Х.Д. саломатлигига зарар етказмаган ҳолда қудуқдан олиб чиқилган. Ҳеч қандай тан жароҳати қайд этилмаган ва тез тиббий ёрдамга эҳтиёж туғилмагани маълум қилинган. Қутқарув амалиёти муваффақиятли якунланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг