Қозоғистонда ота-она қарамоғисиз қолган 10 нафар ўзбекистонлик болалар ватанга қайтарилди
29 Март, шанба куни Қозоғистонда она-она қарамоғисиз қолган 10 нафар ўзбекистонлик болалар ватанга қайтарилди. Бу ҳақида «Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги» маълумот берди.
Унга кўра, болалар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари ҳамроҳлигида Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинган.
«Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги консуллик ходимлари ушбу болаларнинг тез ва хавфсиз ватанга қайтишини таъминлаш мақсадида барча зарур ҳужжатларни расмийлаштирди», — дейилади агентлик хабарида.
Маълум қилинишича, айни пайтда болалар вақтинча Тошкент шаҳар ИИББ қошидаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган. Болалардан 8 нафари яқин кунларда Қорақалпоғистон Республикасига йўл олишади ва у ерда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан тайёрланган оила аъзолари ва яқин қариндошларига топширилади.
Маълумот учун, ўтган уч ойда хориждан ватанга қайтарилган болалар сони 31 нафарни ташкил қилган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробар кўп демакдир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг