Қозоғистон МХҚ собиқ раиси Карим Масимовга тегишли 17,2 миллион АҚШ доллари нақд пул, 11 та қимматбаҳо машина ва кўплаб антиқа буюмлар мусодара қилинган

17:15 10 Март 2022 Дунё
951 0

Фото: tengrinews.kz

Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси Карим Масимов ва бошқа шахсларга нисбатан давлатга хиёнат, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўриш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда гумон қилиниб, жиноят иши бўйича терговни давом эттирмоқда.

Қўмита тергов давомида Карим Масимовнинг ҳаракатларида кўплаб коррупция белгилари аниқлангани ҳақида маълум қилди.

Қайд этилишича, тергов жараёнида Қозоғистон ишбилармон доиралари ва хорижий субъектлардан кўчмас мулк, қимматбаҳо совғалар, жумладан, маданий бойликларни, катта миқдордаги маблағларни ноқонуний равишда олиш ҳолатлари ҳужжатлаштирилган. Хусусан, Масимов ёпиқ шартномалардан бири бўйича КНБ раиси лавозимида хорижий давлат вакилларидан 2 миллион АҚШ доллари миқдорида пора олгани юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу маблағларнинг Гонконгдан Қозоғистон Миллий банкига қайтарилиши таъминланди. Шунингдек, Масимов бош вазирлик даврида бизнес тузилмаларидан биридан пойтахтдан 2,5 миллиард тенгега яқин элита меҳмон уйи ва ер участкаси олгани юзасидан ҳам тергов бошланган. Масимов ҳибсга олинганидан сўнг, 2022 йил январь ойида ушбу меҳмон уйидан 17,2 миллион АҚШ доллари нақд пул, шунингдек, кўплаб ҳашаматли буюмлар — соатлар, тилла қуймалар, антиқа буюмлар ва бошқа кўп нарсалар олиб қўйилган. Бундан ташқари, унга тегишли 11 та қимматбаҳо бизнес-класс автомашиналари мусодара қилинган.

Шунингдек, унинг Нур-Султондаги иккита элит квартираси, Олмаотадаги иккита квартира ва қаср, шунингдек, Шчучинско-Боровск курорт ҳудудидаги кўл бўйидаги 1 гектар ер участкаси мусодара қилинган. У билан яқин алоқада бўлганлардан 5,1 миллион АҚШ доллари мусодара қилинган ва ҳибсга олинган.

Шу билан бирга, Масимов ва унинг атрофидагилар томонидан чет эл банкларидаги ҳисоб рақамларига ноқонуний равишда олиб қўйилган бундан ҳам йирикроқ маблағларни қидириш, ҳибсга олиш ва Қозоғистонга қайтариш бўйича ишлар ташкил этилди. Мазкур фактлар бўйича фаол тергов-тезкор тадбирлари ўтказилмоқда.

Карим Масимов 2007-2012 йилларда Қозоғистон Бош вазири, 2012-2014 йилларда Қозоғистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари, 2014 йил 21 январдан Қозоғистон Республикаси Давлат котиби, 2014 йил 2 апрелдан Қозоғистон Бош вазири, 2016 йил 8 сентябрдан 2022 йил 5 январгача Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимларида фаолият олиб борган..

2022 йил 5 январь куни Хавфсизлик кенгаши йиғилишидан сўнг Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакатдаги оммавий тартибсизликлар фонида Карим Масимовни Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимидан озод қилган эди. Эртаси куни у давлатга хиёнат (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 175-моддаси 1-қисми) иши бўйича қўлга олиниб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер