Қорақалпоқ давлат университетида 400 ўринли янги талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида янги барпо этилган талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.
Ташкил этилган очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р. Нуразизов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларга қаратилган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини таъкидлади ҳамда янги турар жойнинг ишга туширилиши муносабати билан талабаларни қутлади.
Шунингдек, тадбирда Қорақалпоқ давлат университети ректори в.б. Олимжон Дуйсенбаев сўзга чиқиб, ҳурматли Президентимиз раҳнамолигида таълим соҳасини ривожлантириш, айниқса, ёшларни олий таълимга қамраб олишни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Сўнгги йилларда олий таълим муассасалари сонининг ортиши, қорақалпоғистонлик ёшлар учун қўшимча қабул квоталарининг ажратилиши ― юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган, илғор фикрли ёшларнинг етишиб чиқишига мустаҳкам замин яратмоқда.

Янги талабалар турар жойи давлат-хусусий шериклик асосида, 30,5 млрд сўм маблағ эвазига барпо этилди. Барча зарур инфратузилма ва қулайликларга эга бино 400 ўринга мўлжалланган.
Талабалар ҳам байрам арафасида янги турар жойнинг фойдаланишга топширилганидан мамнун. Бу таълим олиш учун қулай шароитларни яратишга қаратилган амалий ишлар самараси сифатида юксак қадрланмоқда.
Ғайрат Отажонов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг