Қоракўлда “Янги Ўзбекистон” массиви фойдаланишга топширилди
Фото: “Халқ сўзи”
Бухоро вилояти Қоракўл туманида Янги йил байрами арафасида замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида қурилган массив фойдаланишга топширилди. У давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ барпо этилди.
12 та кўп қаватли турар-жой мажмуаси 240 та хонадонга мўлжалланган. Бу ерда инфратузилма объектлари ҳам қад ростлаган. Чунончи, 330 ўқувчи ўрнига эга мактаб, 240 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 100 қатновга мослаштирилган оилавий поликлиника, савдо шохобчалари шулар жумласидан.

— Бундан икки йилча муқаддам Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев туманимизда сайловчилар билан учрашув чоғида одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши масаласига алоҳида тўхталиб, ана шундан массив барпо этилишини маълум қилган, бу хушхабардан турар-жойга эҳтиёжманд ўнлаб оилаларнинг боши кўкка етган эди, — дея эслайди қоракўллик меҳнат фахрийси Файзулла Беҳбудов. — Буни қарангки, жуда қисқа муддат ичида бийдай далада кўркам, файзли бир шаҳарча пайдо бўлди. Турар-жойга эҳтиёжманд оилаларга давлат томонидан субсидиялар берилмоқда.
“Янги Ўзбекистон” массивини фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали маросимда вилоят ва туман мутасаддилари, нуронийлар, зиёлилар, аҳоли вакиллари иштирок этишди. Тадбирда сўз олганлар Президентимиз ташаббуси билан юртимизда барпо қилинаётган бу каби янги массивлар юзлаб оилаларнинг орзу умидлари ушалишига хизмат қилаётганини, ўзида “Инсон қадри учун” деган хайрли ғояни мужассам этган ҳаётий ислоҳотлар туфайли мазкур гўшада яқин истиқболда яна ўнлаб турар-жойлар қурилишини таъкидладилар.

Маросимда вилоят ҳокими Б.Зарипов иштирок этди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг