Қора қозон шу ерда ҳам қайнайди

11:24 23 Июль 2020 Жамият
995 0

Туманимиздаги «Тунироқ» маҳалла фуқаролар йиғини Нишовур қишлоғида яшовчи Ҳусниддин Шамсиев ёш бўлишига қарамай ҳаётнинг аччиқ-чучугини, баланд-пастини кўриб улгурди. Ҳали уйланмаган бу йигитнинг оиласида 5 нафар киши яшайди. Рўзғор тебратиш учун у 2015 йилдан 2019 йилнинг январь ойига қадар роппа-роса 4 йил Россия Федерациясининг турли шаҳарларида ишлади. Аммо бири икки бўлмади. Россиядан келганидан кейин бир йил ишсиз юрди. Туман Халқ қабулхонаси ва 3 сектор раҳбарининг ташаббуси билан 2020 йилнинг апрель ойида «Тоза ҳудуд» ДУКга доимий ишга жойлаштирилди.

Мана, орадан уч ой вақт ўтди. Атайин сўраб-суриштирдик. Энди у хорижга ишлагани кетмоқчи эмас. ”Ўз уйинг – ўлан тўшагинг” деб бежиз айтишмаган, қора қозонни шу ерда ишлаб ҳам қайнатиш мумкин”, дейди Ҳусниддин.

Ҳали ўттиз ёшга ҳам кирмаган бу йигит ҳақ. Оиласидан олисда, совуқ ўлкаларда ишлаб, мусофирчилик азоб-уқубатларини чеккан юртдошларимиз ҳақида кўп эшитамиз. Лекин шу ерда ишбилармонлик қилиб, ақл билан иш юритиш эвазига орзу-ҳавасларига етаётган ёшлар ҳам орамизда жуда кўп. Фақат юракда иштиёқ бўлса, бас. Ҳукуматимиз ана шундай ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаяпти. Масалан, туманимиздаги 48 нафар ишсиз фуқарога иссиқхона қуриб берилди.108 фуқарога ижарага ер ажратилди. 251 нафар киши доимий ишга, салкам 500 одам мавсумий ишга жойлаштирилди.

Бандликни таъминлаш борасида туман Халқ қабулхонаси ҳамда секторлар томонидан белгилаб олинган тадбирлар натижасида бугунги кунгача тумандаги 1416 нафар ишсиз ёшларнинг 854 нафари иш ўринлари билан таъминланди.

Секторлар, мутасадди ташкилотлар, тадбиркорлар томонидан бажарилаётган кенг кўламли ишларнинг мониторингини юритяпмиз, уларнинг ҳаққонийлиги ўрганиб борилмоқда.

С. МИРЗАЕВ,
Бухоро вилояти Когон тумани 
Халқ кабулхонаси 
мудири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер