Қўқонда ўқувчиларнинг тадбиркорлик кўникмалари шакллантирилмоқда
Маълумки, Қўқон шаҳри азалдан нафақат адабиёт, маданият ва санъат маскани, балки тадбиркорлик яхши ривожланган файзли замин сифатида ҳам етти иқлимда машҳур. Бугунги кунда ҳам кўҳна кентда тадбиркорлик, ҳунармандчилик яхши ривожланган бўлиб, эзгу анъаналар тобора сайқалланиб бормоқда.
Қўқон шаҳар ҳокимилиги ташаббуси билан шаҳардаги умумий ўрта таълим мактабларида ҳунармандчилик устахоналарини қўшимча жиҳозлар ва кўргазмали материаллар билан таъминлаш ҳамда ўқувчи ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ана шу жиҳатлари билан ҳам эътиборга сазовордир.
Хусусан, бевосита шаҳар ҳокимлиги кўмагида 23-умумий ўрта таълим мактабига сартарошлик устахонаси учун жиҳозлар ва атир-упалар, пишириқ тайёрлашга мўлжалланган касб-ҳунар хонаси учун ошхона мебели, идиш- товоқлар, маҳсулот тайёрлаш ускуналари, тикувчилик устахонаси учун дазмол ҳамда материаллар ҳамда инглиз тили хонасига сўнгги русумдаги ахборот технологиялари келтирилди.

— Тажриба тариқасида 23-умумий ўрта таълим мактабида касб-ҳунар устахоналарини қайта жиҳозлаш учун 150 миллион сўм маблағ сарфланди, — дейди Қўқон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Норбоев. — Ўз навбатида ўқувчилар даромадли касб ва ҳунарларни ўрганиши учун соҳада муваффақиятли фаолият юритаётган тадбиркорларга бириктирилди.
Шу тариқа эндиликда мактаб ўқувчилари тайёрлаётган маҳсулотлар сифати ва арзонлиги боис Қўқон шаҳрида жойлашган бозорларда тобора харидоргир бўлиб бораётир.
Бундан кўзланган асосий мақсад мактаб битирувчиларини катта ҳаётга тайёрлаш ва шу орқали тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг