Қўқон университетида ёшлар сиёсати ва замонавий таълим масалаларига бағишланган республика семинари ўтказилди
Қўқон университетида ёшлар сиёсати, замонавий таълимни ривожлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини кенгайтиришга бағишланган республика семинари бўлиб ўтди.
Юзма-юз мулоқот давомида жорий йил 24 февраль куни Президентимиз раислигида янги авлод ташаббусларини рағбатлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Илҳом Сирожев, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги масъуллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ўз нутқида Қўқон университетида замонавий асбоб-ускуналар, техника ва лабораториялар билан жиҳозланган 400 ўринли ўқув маркази ишга туширилганини алоҳида қайд этган эди. Ушбу марказда эҳтиёжманд оилалар фарзандларини дастурлаш, сунъий интеллект ва робототехника йўналишларида олти ойлик бепул курсларда ўқитиш режалаштирилган. Мазкур ташаббус орқали йилига 5 минг нафардан зиёд уюшмаган ёшларни замонавий билимлар билан қамраб олиш имконияти яратилади.
Семинарда ушбу вазифаларни республика миқёсида амалий босқичга олиб чиқиш, қамровни кенгайтириш ва ҳудудларда мазкур тажрибани оммалаштириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
— Айни пайтда университетда Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ёшларни дастурлаш, сунъий интеллект, робототехника ва аниқ фанлар бўйича бепул ўқитишга мўлжалланган махсус курслар ташкил этилмоқда, — дейди Қўқон университети проректори Зебо Қобилова. — Бугунги тадбир доирасида университет ҳузурида 400 ўринли «Ёшлар IT академияси» тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, 1 минг 650 ўринли аниқ фанларга ихтисослашган ўқув бинолари барпо этилди, 200 та замонавий компьютер жамланмаси ўрнатилди. Робототехника ва физика лабораториялари илғор ускуналар билан жиҳозланди.
Истиқболли лойиҳа доирасида ҳар йили минг нафардан зиёд ёшлар дастурлаш, сунъий интеллект, робототехника, аниқ фанлар ва инглиз тили бўйича бепул таълим олиши режалаштирилган.
Йиғилиш якунида Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббусларни тўлиқ ва самарали амалга ошириш, эҳтиёжманд ёшларни қамраб олиш кўламини кенгайтириш ҳамда ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг