Қўқон шаҳрида янги мактаб биносига тамал тоши қўйилди
Фото: Халқ сўзи
Қўқон шаҳрининг “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий таълим муассасаси қурилишига киришилди.
Умумий қиймати 8,7 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида янги мактаб учун 330 ўринли ўқув бинолари, спорт иншоотлари, футбол ва волейбол майдончалари барпо этиш кўзда тутилган.
Маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирда Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов мактаб пойдеворига илк ғиштларни қўйди. Шу тариқа “Машъал” қурилиш корхонаси томонидан эзгу мақсад ижобати учун 50 нафар қурувчи ва 15 та махсус техника жалб жалб этилиб, қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Мактабни 2024-йилнинг Наврўз байрамига фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
— Бу маҳалладошларимизнинг кўп йиллик орзуси эди, — дейди “Нурафшон” МФЙ раиси Гулнора Шерматова. — Чунки ҳудудда ёш оилалар кўпчиликни ташкил қилади. Табиийки, ота-она ўз фарзандини яшаш манзилига яқин ва барча барча шароитларга эга билим даргоҳида ўқишини орзу қилади. Бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва ғамхўрлиги билан келажагимиз ворислари таълим-тарбияси учун кўрсатилаётган эътибордан беҳад мамнунмиз.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг