Қўқон шаҳрида “Туркий тилли ёшлар” халқаро фестивали бўлиб ўтмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, шунингдек, Халқаро Туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙга аъзо давлатлардан ташриф буюрган 200 нафардан зиёд фаол ёшлар ва талабалар иштирок этмоқда.
Фестивалнинг очилиш тадбирида Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов туркий тилли ёшларни ўзбек диёридаги учрашув билан самимий муборакбод этиб, уларни ёшлик ва гўзаллик тантанасида фаол бўлишга ундади.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2022 йил 29 июлдаги “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ушбу фестивални Фарғона вилоятида ўтказиш белгиланган бўлиб, унга биноан анжуман кўнгилочар ўйинлар ва ёшларнинг ўзаро жонли мулоқотлари асосида давом этмоқда.
— Фестиваль давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорида белгиланган кенг қамровли маданий-маърифий тадбирлар дастури доирасида ташкил этилмоқда, — дейди Х. Аҳмедов. — Ундан кўзланган асосий мақсад келажагимиз ворисларини халқларимиз тарихи ва миллий-маданий меросига меҳрини ошириш, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, ёшларнинг туризм соҳасидаги истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Шу йилнинг 15 июль кунига қадар давом этадиган фестиваль давомида китобхонлик куни, миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари, маданий-кўнгилочар тадбирлар, тадбиркорликни йўлга қўйиш, ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича давра суҳбатлари, таниқли театр ва кино ижодкорларининг ижодий мулоқотлари ўтказилиши режалаштирилган.
Фестиваль кунлари давомида “Дўстлик” кечаси бўлиб ўтади. Қўқон шаҳрида тарихий-маданий обидалар бўйлаб саёҳат ҳамда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади.
Шунингдек, Риштондаги Халқаро кулолчилик маркази ҳамда Учкўприк туманидаги “Меҳригиё” кичик корхонаси лаванда боғларига сайру саёҳатлар ташкил этилади.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг