Қопдаги «марихуана»
Жорий йилнинг 28 августдан 29 августга ўтар кечаси ички ишлар идоралари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан Оҳангарон шаҳар ҳудудида «Қорадори-2020» тадбири ўтказилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар беради.
Тадбир жараёнида шубҳали кўринган «Ваз 21013» русумли автоулов тўхтатилди. Уни бошқариб бораётган 20 ёшли ҳайдовчи Ж.А.нинг иштирокида автоулов юкхонаси назоратдан ўтказилганида, 1 дона оқ рангли полимер қоп ичида ҳўл ҳолдаги, ўткир ҳидли, кўкимтир рангли ўсимлик барглари борлиги аниқланган.
Воқеа жойидаги суриштирувда ушбу қопдаги ўсимликлар автомашина салонида ўтирган, вояга етмаган фуқаро 17 ёшли К.М., га тегишли эканлиги маълум бўлди.
Тезкор ўтказилган судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра, ашёвий далил сифатида олинган ўсимликлар, таркибида фаол тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддаси мавжуд бўлган «марихуана» гиёҳвандлик воситаси эканлиги аниқланди. Унинг оғирлиги 1 кг. 387 граммни ташкил этди.
Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 276-моддаси 2-қисми «а» банди (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шодиёр МУТАҲАРОВ
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг