Қонунлар устуворлигига барчамиз масъулмиз
Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридаги “Ёшлар маркази”да шу йилнинг 11-12 октябр кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида кўрилган долзарб масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси М.Джумагалдиев, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилот раҳбарлари, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари, тижорат банклари раҳбарлари, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ҳамда фуқаролар йиғини раислари, нуронийлар, соғлиқни сақлаш ходимлари, ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Бу галги йиғилиш Сенат мажлисида маъқулланган қонунлар ва бошқа масалалар юзасидан қабул қилинган қарорлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича сайлов қонунчилигининг мазмун моҳияти ҳамда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишни тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги масалаларни қамраб олганлиги билан алоҳида аҳамият касб этди.

Кўриб чиқилган мавзуларнинг барчаси жамиятимизни янада тараққий эттириш, ҳаётимизда қонунлар устуворлигини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, айрим ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, ёшларни баркамол авлод қилиб вояга етказиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаб, келажак авлодларга бебаҳо мерос сифатида қолдиришдек эзгу ниятларга хизмат қилади. Шу боис, йиғилиш кун тартиби ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказилажак сайловларнинг янги тартиб қоидалари, жамиятимизга нуқсон бўлаётган айрим иллатларни бартараф этиш йўл-йўриқлари юзасидан бўлиб ўтган муҳокамаларда иштирокчилар фаол қатнашишди.
— Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг тўй ва маъракаларни рисоладагидек ўтказиш юзасидан қабул қилган қарори 2020 йилнинг 1 январидан кучга киради,-дейди Халқ депутатлари Тошкент тумани Кенгаши депутати Мирислом УСМОНОВ — Вилоят аҳолисининг ёши улуғлари четда томошабин бўлиб туриши ярашмайди. Маҳаллардаги тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар тежамкорлик билан ҳақиқий миллий удумларимиз асосида ўтказишни Сенат томонидан кўриб чиқилиши давлатчилигимиз ривожида алоҳида аҳамиятга эгадир.
Ҳожилик рутбасига сазовор бўлган отахон ва онахонлар буюк Яратганнинг Байтига бориб келишингиз, бу йўлда сизларга давлатимиз томонидан қулайлик ва имкониятларининг яратилиши зиммангизга алоҳида масъулият юклайди. Энди сизлар ҳаром ва ҳалолни, исрофгарчилигу манманлик, кибру ҳавога берилишу хокисорликнинг фойда ва зиёнларини аҳолига тушунтиришингиз керак. Қайсидир маҳалладошингизни ортиқча хойю ҳавасга берилиб, ҳаддидан ошаётганини, мавжуд қонунларни менсимаётганлигини кўриб бепарво юришингиз рутбангизга ярашмайди. Яратганнинг ғазабини келтиради.

Бугун Тошкент туманида 68 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатяпти. Фидойи маҳалла оқсоқоллари ўз атрофларига турмуш машаққатларини бошидан кечирган, ҳаёт неъматини қадрига етувчи, сабру қаноатда ўрнак бўладиган кишиларни жамлай олган. Шу туфайли улар маҳалла ҳаётига тегишли ҳар қандай муаммони ҳал этиш тажрибасига эгалар. Маҳаллалардаги тўй ва турли оилавий маросимларни ортиқча исрофгарчиликсиз ўтказилишига, аҳоли ўртасида меҳр-оқибат, ёшларда одоб-ахлоқ туйғуларини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилган.Бундай хайрли тажрибани вилоятда оммалаштириш зарур!
Бугунги йиғилишимизда эътибор қаратишимиз лозим бўлган яна бир муаммо бор. У ҳам бўлса, амалдаги қонунларимизни менсимайдиган айрим мансабдор шахслар, бойлигини кўз-кўз қилиб тўй ҳашамлар ўтказувчи тадбиркорларни тартибга чақиришда аҳолининг алоҳида фаоллик кўрсатишидир. Исрофгарчиликка сарфланаётган маблағларни келажагимиз ворисларининг илм олиши ва тарбия топиши учун мактабгача таълим муассасалари ҳамда замонавий ўқув масканлари қуриш ишларига, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни тиклашга, қаровчисиз кексалар тарбиясига йўналтиришса, нечоғлик савобга эришардилар.
Бўлиб ўтган йиғилиш унда иштирок этган ёшлар ва жамоатчилик вакилларида катта таассурот қолдирди.
Шодиёр Мутаҳаров,
("Халқ сўзи")
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг