Қонунлар ҳаётни яхшилаши керак
Қонунлар шунчаки ҳужжат эмас, балки фуқароларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштирувчи, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи воситадир. Шу нуқтаи назардан, қонун ижодкорлиги жараёнида аҳоли эҳтиёжлари, жойлардаги муаммолар ва жамоатчилик фикрини инобатга олиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Депутатлар ўз сайлов округларида фуқаролар билан доимий учрашувлар ўтказиб, маҳаллалардаги ҳар бир мурожаатни жойида эшитиш, одамларнинг кундалик ҳаётида учраётган муаммоларни бевосита ўрганмоқда.
Масалан, Музработ тумани “Бодомзор” маҳалласида депутат Дилфуза Жўраева ташаббуси билан “Сиросиё” кўчасининг 2 километр 900 метр, Марказ кўчасининг 1 километр 300 метр қисмида асфалт ётқизиш ишлари амалга оширилди. Бу ишлардан 500 нафарга яқин ўқувчи мактабга хавфсиз қатнай бошлагани, минглаб аҳоли кундалик фойдаланиш имконига эга бўлди. Ҳудуд аҳолиси учун ушбу ўзгаришлар фақат инфратузилма янгиланиши эмас, балки узоқ йиллик муаммоларга ечим топилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

– Илгари депутатларни фақат сайлов мавсумида суратини кўрардик, — дейди “Бодомзор” маҳалласида истиқомат қилувчи Гулчеҳра Абдуллаева. — Ҳозир депутатлар уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганмоқда. Йиллар давомида йўл ва электр масаласида қийналардик. Ҳозир маҳалламиз йўллари текис ва равон, болаларимиз мактабга хавфсиз қатнаётганидан хурсандмиз.
Шу тумандаги “Янги диёр” маҳалласидаги Намунали кўчасида 86 та хўжаликка хизмат кўрсатувчи 30 га яқин симёғочнинг эскиргани ва авария ҳолатига келиб қолгани юзасидан келиб тушган мурожаат ҳам маҳалла депутати томонидан ўрганилиб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилди. Натижада мазкур кўчада замонавий симёғочларни ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. “Деҳқонобод” маҳалласида 23 километрлик ички йўлларнинг аҳволи, қишда лой, ёзда чанг бўлиши аҳоли учун жиддий қийинчилик туғдирмоқда. Қалдирғоч кўчасидаги зовур устида кўприк йўқлиги сабабли мактаб ўқувчилари ҳар куни хавфли йўл босиб ўтишига тўғри келади. Бу масалалар бўйича депутатлик сўровлари йўлланиб, инфратузилмани яхшилаш бўйича аниқ амалий чоралар белгиланди.

Аҳоли хавфсизлиги билан боғлиқ ҳолатлар Бойсун туманида ҳам депутатлар эътиборидан четда қолмаяпти. Тумандаги “Хўжаидод” маҳалласи Қўрғонча қишлоғида сув оқими қирғоқларининг емирилиши натижасида 15 дан ортиқ хонадон сел ва сув тошқини хавфи остида қолгани маълум бўлди. Сув қирғоғи айрим уйларга 10–12 метргача яқинлашиб келгани вазиятнинг жиддийлигини кўрсатади. Депутат Дилбар Сувонова томонидан мазкур ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар бошқармасига депутатлик сўрови юборилди.
Депутат Меҳри Нарбашева Шўрчи туманида сайловчилар билан учрашувлардан бирида “Чўмичли” маҳалласида аҳоли гавжум ҳудудда жойлашган электр трансформатори мактаб ўқувчилари ҳаёти учун хавф туғдираётганидан хабардор бўлди. Депутат ташаббуси билан уни хавфсиз ҳудудга кўчириш бўйича мутасадди ташкилотга сўров юборилиб, масала ижобий ҳал этилди.
Бойсун тумани аҳолиси азалдан китобхон, маънавиятга чанқоқ халқ сифатида танилган. Айниқса, туманнинг олис ҳудудларидан бири бўлган Пулхоким қишлоғи аҳли орасида шеърият ва бадиий адабиётга ошно қалблар кўпчиликни ташкил этади. Шу қишлоқда ўтказилган учрашувлардан бирида ота-оналар фарзандларида китоб ўқишга бўлган қизиқиш баландлигини, бироқ барча оилаларда бадиий адабиётлар билан таъминлаш имконияти етарли эмаслигини очиқ баён этди. Маҳаллада кутубхона ташкил этиш борасида амалий ёрдам сўралди. Ушбу мурожаат депутат Алишер Пардaев томонидан эътиборга олиниб, туман ҳокимига тегишли депутатлик сўрови юборилди. Ҳозирда Пулхоким ҳудудида болалар учун кўчма кутубхона ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган.

— Уй-жой масаласи бўйича мурожаатим эътиборсиз қолмади, — дейди Денов туманидаги “Жаматак” маҳалласи фаоли Камола Исматуллаева. — Мурожаатим халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Бахтиёр Раҳимов томонидан ўрганилиб, аниқ ечимлар устида иш олиб борилаяпти. Энг муҳими, бизни эшитаётгани, муаммомизга бефарқ эмаслиги ишонч бағишлайди.
Дарҳақиқат, бугун маҳалла билан депутат ўртасидаги алоқа сезиларли даражада яқинлашганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Мурожаатлар ортидан аниқ натижалар кўринаётгани, кўтарилган масалалар амалда ҳал этилаётгани эса аҳоли ишончини мустаҳкамламоқда. Ана шу ишонч эса депутатлик фаолиятининг энг муҳим мезонига айланиб бормоқда.
Фарҳод ЭСОНОВ
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг