Қонун лойиҳасида қандай нормалар назарда тутилмоқда?

12:15 12 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
824 0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суғурта соҳасида туб бурилиш бўлаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Аммо соҳада ҳамон ечимини кутаётган масалалар ҳам борки, бундан асло кўз юмиб бўлмайди.

Масалан, қонун даражасида тўғридан-тўғри ҳаракат қоидаларини белгилаш ва суғурта фаолияти соҳасидаги муносабатларни бошқаришнинг ягона механизмини яратиш, суғурта соҳалари, синфлари ва турларини аниқлаш, шунингдек, суғурта бозорини давлат томонидан тартибга солишда айрим ноаниқликлар мавжуд эди. Шу боисдан янги таҳрирдаги «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этиш тақозо этилаётир.

Мазкур ҳужжат суғурта соҳасидаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, унинг асосий ғояси бевосита ҳуқуқий норматив базаларни такомиллаштиришда суғурта фаолиятини тартибга солишни яхшилаш ҳамда бу соҳада халқаро стандартларни изчил амалга ошириш орқали ҳуқуқий асосни такомиллаштиришдир.

Аввало, ҳар бир қонуний асосни яратишда халқаро тажрибаларни синчиклаб қараб чиқиш фойдадан ҳоли эмас. Бу борада ҳам хорижий амалиётларга назар ташлаймиз. МДҲ мамлакатлари ва ХХРда суғурта қонунлари суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари ўртасидаги маъмурий муносабатларнинг барча жиҳатларини қамраб олади, бевосита таъсир кўрсатади ва шунга мос равишда кўплаб моддалардан иборат.

Бироқ Ўзбекистон Республикасининг 29 та моддадан ташкил топган «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонуни 18 йил олдин қабул қилинган бўлса-да, кўпроқ тавсифловчи характерга эга бўлиб қолган. Қолаверса, замон талаблари ва воқеликларига тўлиқ жавоб бермайди, бошқа барча зарурий муносабатлар қонуности низомлари билан тартибга солинган.

Ушбу қонуннинг янги таҳрири эса мавжуд камчиликлардан ҳоли, 10 та боб, 98 моддадан ташкил топган. Масалан, янги таҳрирдаги лойиҳада аввалги ҳужжатда кўрсатилмаган суғурта ташкилотлари фақатгина акциядорлик жамиятлари шаклида ташкил этилиши белгиланган. Суғурта ташкилотлари ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялаш назарда тутилиб, суғурта ташкилотларининг лицензиялари тугатишда ваколатли давлат органи томонидан муваққат маъмуриятини тайинлаш юзасидан нормалар киритилган.

Хулоса ўрнида муҳим бир жиҳатни қайд этиш керак. Ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинса, бир қатор норматив низомларга бекор қилиш ёки ўзгартиришга доир ўзгартиришни киритиш зарурати туғилади. Демак, ушбу меъёрий ҳужжат соҳадаги қатор ноаниқликларга барҳам беради.

Жавлонбек ЭРГАШEВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер