Қонун лойиҳаси билан ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилади

13:24 04 Ноябрь 2021 Сиёсат
759 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган навбатдаги Ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия ва Ички ишлар вазирликларининг масъул ходимлари иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан амалдаги айрим қонунлардаги «доимий прописка қилиш» тушунчаси «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчасига, «турган жойи бўйича ҳисобга олиш»тушунчаси эса «вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» деб алмаштирилади. Бир қатор қонунларда биометрик паспортга оид ишлатилаётган тушунчалар келгусида идентификацияловчи ID-карта билан қўлланилиши сабабли ушбу қонунларга идентификацияловчи ID-карта тушунчаси ҳам киритилади.

Шунингдек, лойиҳада белгиланаётган нормалар билан фуқаро идентификацияловчи ID-картани олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаганида, яроқсиз ҳолга келтирганда ёки йўқотиб қўйган тақдирда, маъмурий жавобгарликка тортиш масаласида юзага келган ҳуқуқий бўшлиқ бартараф этилмоқда.

Ишчи гуруҳи йиғилишида лойиҳадаги айрим нормалар, депутатлар берган таклифлар қизғин муҳокама қилиниб, ундаги моддалар янада такомиллаштирилди.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳуқуқни қўллаш амалиётида «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш», «вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» ҳамда идентификацияловчи ID-карта тушунчалари билан боғлиқ бўшлиқларнинг бартараф этилишида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнлари давом этмоқда.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер