Қонун ижроси талабга жавоб берадими?

17:52 17 Февраль 2023 Жамият
470 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мутасадди вазирлик ҳамда идораларнинг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун доирасида амалга оширилган ишлар, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чоралар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, 2021 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун мамлакатимизда хусусийлаштириш жараёнига тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этишга, ер бозорининг шаклланиши ҳамда ривожланишига, кўчмас мулк бозорининг жадал ўсиши ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга имкон яратди.

Мазкур қонун ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, ер участкаларини аукцион савдоларига чиқаришда амалдаги тартиб-таомиллар соддалаштирилди. Ер участкаларини аукцион савдоларига чиқариш муддатларини қисқартириш, ер участкаларини хусусийлаштириш қийматини камайтириш мақсадида амалдаги тартиб такомиллаштирилди.

2022 йилнинг бошидан бугунги кунга қадар “Ерэлектрон” ахборот тизимига жами 90,8 мингта (5 827 гектар) бўш ер участкалари бўйича таклифлар киритилиб, шундан 59,1 мингтаси (3 589,7 гектар) 1,71 трлн. сўм бошланғич нархда аукцион савдоларига чиқарилган. Аукцион савдоларида бошланғич нархи 695,6 млрд. сўм бўлган 14,9 мингта (1 304,5 гектар) ер участкалари 1,11 трлн. сўмга сотилган ва 614 млрд. сўм тўловлар амалга оширилган. Қолган маблағларни бўлиб тўлаш бўйича жараёнлар олиб борилмоқда.

Айниқса, юридик ва жисмоний шахсларга доимий фойдаланиш, ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш қийматини аввал йиллик ер солиғининг 20 баравари, кейинчалик Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида — ер солиғининг 10 баравари, бошқа ҳудудларда
5 баравари қилиб белгилангани ҳам соҳадаги қулайликлардан биридир.

Йиғилишда мазкур йўналишда қатор ишлар амалга оширилишига қарамай, айрим муаммолар борлиги, бартараф этилиши зарур бўлган масалалар кўзга ташланаётгани қайд этилди. Жумладан, “Yerxususiylashtirish” ААТда ер участкасининг кадастр рақами билан биргаликда унинг локацияси орқали аниқ координаталарини белгилаш, иқтисодий жиҳатдан жозибадорлиги паст бўлган ерларни аукционга чиқариш ҳолатлари мавжудлиги, электрон платформаларнинг мураккаблиги, айниқса, тарғибот ва ташвиқот ишлари тўғри йўлга қўйилмагани айтилди.

Шунингдек, шаҳарсозлик ҳужжатлари бўлмаган жойлардаги ерларни ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши билан келишилган ҳолда савдоларга чиқариш ҳамда ижара ҳуқуқи асосида савдога чиқарилаётган ер участкалари бошланғич нархини бозор шароитига мос равишда ҳисоблаш механизмларини жорий этиш таклифлари илгари сурилди.

Депутатлар ҳар бир вазирлик ва идораларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш, мамлакат инвестицион жозибадорлигини оширишда тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишига алоҳида эътибор қаратиши зарурлигини таъкидлаб, йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан аниқ ва қатъий чоралар кўриш бўйича тегишли тавсиялар берди.

Шу билан бирга, халқ вакиллари вазирлик ва идоралар томонидан мазкур масалада олиб борилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлигини таъминлашда ҳамкорликда ишлашга тайёрлиги, доимий равишда таклифлар бериб боришини қайд этдилар.

Якунда кун тартибидаги масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер