Қизлар ўқимишли бўлса...
Паркент тоғлари бағрида туғилиб вояга етдим. Онам кутубхонада ишлагани учун у ердаги барча китобларни ўқиб тугатдим. Бу қишлоғимиздаги кутубхона фаолияти тугатилди. Онам қайта тайёрлов курсида малака ошириб, мактабда дарс бера бошлади. Уй ишларидан бўшаганда қўлига китоб оладиган одати борлиги учунми, оиладаги 5 нафар фарзанднинг барчаси мусобақалашиб китоб ўқирдик.
Бу беллашув университетга кириш, сессияларни аъло баҳога ёпишга уланиб кетди. Университетга кирганимда, отам оламдан ўтди. Онам мен ва опамнинг шартнома пулини ўз маошидан тўлади. Ишлаб қанотига кирай деб амалиётга бордим. Ўз устимда ишлаб, ишга жойлашдим. Онам доим ҳалол меҳнат қил, ўқи, ўз устингда ишла, деб йўл кўрсатди.
Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг бир гуруҳ фаол ёшлар билан мулоқотида кўтарилган масалалар орасида алоҳида таъкидланган «Битта қизни ўқитсак, бутун оилани ўқитган бўламиз», деган эътирофни эшитиб, ўз ҳаётимда амалий ифодасини кўрганим учун тўлқинландим.
Ахир, онамда бизни ўқишга ундаган. Боиси, ҳар бир инсондаги мақсад ва орзулар, аввало, оилада, у униб ўсаётган муҳитда туғилади. Онамнинг жамиятда ҳар бир фарзандим ўз ўрнини топиши керак деган фикри бўлгани учун ҳам 5 нафар фарзанднинг барчаси ўқимишли. Оиламизнинг кенжаси Рисолат Махсумова ўқиб, илмий изланишлар олиб бормоқда. Синглим ҳозирги кунда дунёнинг ТОП университетлари рейтингида 10-ўринда турувчи АҚШнинг Чикаго университетида магистрант сифатида таълим олади. Қувонарлиси, синглим «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали таҳсилни уммон ортида давом эттирмоқда.
Шу ўринда яна бир хайрли ташаббусга тўхталиб ўтмоқчиман. Магистратура босқичида ҳам шартномага ўқишга қабул қилинганман. Ойлик маошимни контрактга тўлаб, стипендиядан кунлик харажатларим учун маблағ ажратардим. Кейинроқ илмий иш ҳимоя қилиб, университетга ишга кирдим. Бугунги магистр қизларга ҳавас қиламан. Чунки давлат уларга шартнома суммаларини тўлаб беряпти.
Президентимизнинг мана шу ташаббуси эълон қилинишидан аввал магистратурада саноқли қизларгина таҳсил оларди. Бугун ўзим машғулотларга кириб гувоҳи бўляпман. Audiториядаги магистрларнинг 70 фоизи қизлар. Бир тасаввур қилинга, бу қизларнинг ҳар бири бир оиланинг бекаси бўлади. Улар тарбиялаган фарзандларнинг дунёқараши, ҳаётий мақсадлари ҳам бошқача – дунё тамаддунига мос бўлиши аниқ. Ахир, унинг онаси магистратура босқичида ўқиган, бу босқич илмий фаолиятнинг бошланиш нуқтаси сифатида таҳлил, танқидий фикрлаш, креатив ёндашувларни шакллантириш баробарида илмий салоҳиятни ривожлантиради. Бу кўникмаларга эга она фарзанди камолотида ҳам масъулиятли бўлиши тайин.
Садоқат МАХСУМОВА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети кафедра мудири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг