Қизилқумнинг олис овулида Абай даҳосига эҳтиром

13:38 23 Апрель 2025 Жамият
210 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». «Бу ҳаётда сен ҳам бир кирпиш, қолипдан кўчда, ўз ўрнингни топ.» (қозоқчадан мазмуний таржимаси, «кирпиш» аслида туркча сўз, ғиштни англатади — таҳририят). Ушбу даъват Абай тафаккурига тегишли.

XIX асрнинг иккинчи ярмида яшаб, ижод этган қозоқ шеърияти ва қозоқ ёзма адабиётининг асосчиси Абай – Иброҳим Қўнонбоев туркий адабиётнинг муаззам иншоотида ўз ўрнини топган маърифатпарвар шоирлардан бири сифатида тан олинган.

— Абай ўз фаолияти ва адабий мероси билан нафақат қозоқ халқининг, балки бутун туркий дунё маънавиятининг мулкига айланган шахс, — дейди Навоий вилоят қозоқ маданият маркази раҳбари Серижан Жанахметов. — Шоирнинг асарлари на вақт ва на макон танламайди. Шу сабаб унинг ижодий мероси, инсонийликка чорловчи ҳаёт йўли, ўгитлари бугунги кун билан ҳамоҳанглиги учун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Ўзбек-қозоқ маънавий алоқаларининг янги босқичида мамлакатимизда Абай таваллудининг 180 йиллигига бағишлаб турли маданий-адабий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Шундай маърифий тадбирлардан бири Навоий вилояти Учқудуқ туманининг олис Мингбулоқ овулидаги 11-сонли мактабда ташкил этилди. Анжуманда ўқувчи-ёшлар ўртасида шоир ижодини кенг тарғиб қилиш, унинг маънавий-ахлоқий ҳаёт йўлини теранроқ англаш имкониятини беришга хизмат қиладиган саҳнавий кўринишларни намойиш этилди. Қизилқумлик санъаткор Серижан Жанахметов Абайнинг қўшиқларини опера йўналишида тақдим этди. Тарихи, тақдири, орзу-тилаклари бир халқларимизнинг қайси ижодкорини олманг, ўзаро дўстлигимизни тараннум этганлиги алоҳида таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер