Қирғизистонда вилоят ва туманлар тугатилади
Қирғизистонда вилоят ва туманлар тугатилиб, уларнинг ўрнида 20 та округ ташкил этилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров маълум қилди, унинг сўзларидан 24.kg нашри иқтибос келтирмоқда.
Ноокат тумани аҳолиси билан учрашувда Жапаров маъмурий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи ҳақида гапириб берди. У ҳозирда мамлакатда 44 та туман ва 33 та шаҳар борлигини қайд этди.
«Вилоят ва туманлар тугатилади, 20 та округ қолади — оддийроқ қилиб айтганда, 20 та вилоят бўлади, биз шунга келамиз. Лекин бунга ҳали вақт бор, тахминан уч-тўрт йил», — деди Қирғизистон президенти.
Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, дастлаб бошқарув тизими қандай ишлашини кўриш учун икки-уч йил муддатга синов лойиҳаси сифатида битта округ ташкил этилади.
«Асосий мезон — ушбу округ республика дотациясидан (давлат кўмагидан) чиқа оладими ёки йўқми, шунга боғлиқ», — дейилади хабарда.
Агар лойиҳа муваффақиятли деб топилса, унда вилоят ва туманлар бутунлай тугатилиб, мамлакат округларга бўлинади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг