Қашқадарёдаги судлар 7 йилда 400 дан ортиқ оқлов ҳукми чиқарди

11:21 21 Февраль 2024 Жамият
357 0

Иллюстратив фото

Жаҳонгир Боймуродов/“Халқ сўзи”. 2017 — 2023 йиллар давомида Қашқадарё вилоятидаги судлар томонидан 410 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Бу ҳар йили ўртача 58 киши оқланди, деганидир. Ундан аввалги йиллар эса, масалан, 2014 йилда 2 нафар, 2015 йилда 4 нафар, 2016 йилда эса 1 нафар шахс вилоятдаги судлар томонидан оқлов ҳукмини олишган эди.

Бу ҳақда Қашқадарё вилояти судида ўтказилган матбуот анжуманида вилоят судининг раиси Абдуқаюм Маҳкамов таъкидлаб ўтди.

— Бундан ташқари, биргина 2023 йилнинг ўзида вилоят судлари томонидан биринчи инстанцияда 166 та иш бўйича 249 нафар, апелляция инстанциясида эса 92 та иш бўйича 190 нафар шахснинг зиммасидан асоссиз айбловлар чиқарилди, — дейди Абдуқаюм Маҳкамов. — Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини кафолат хати асосида 5 та иш бўйича 5 нафар, Ёшлар ишлари агентлигининг кафолат хати асосида 5 та иш бўйича 7 нафар (вояга етмаганлар), Оила ва хотин-қизлар қўмитаси кафолат хати асосида 2 та иш бўйича 2 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. Бу, албатта, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, одил судловни самарали таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг самарасидир.

Матбуот анжуманида шунингдек, вилоятдаги суд идоралари томонидан фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, соҳага ахборот-технологияларини кенг жорий этиш ҳамда ихтисослаштирилган судлар томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам кенг маълумот берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер