Қашқадарёда “Ёшлар сайлгоҳи”нинг тантанали очилиш маросими ўтказилди
Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли истироҳат боғи ҳудудида, салқин ва баҳаво масканда ташкил этилган сайлгоҳда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши ва мароқли ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
— Мажмуани барпо этиш жараёнида сайлгоҳ ҳудудидаги 500 метр ички йўллар асфальт қилиниб 1 километрдан ортиқ бетон қопламали пиёдалар йўлакчаси қурилди, 1600 метр квадрат майдонга шаклли ғиштлар ётқизилди, — дейди Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев. — Шу билан бирга, турли хил манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди, қўшимча яшил майдонлар барпо этилди. Юздан ортиқ замонавий тунги ёриткичлар, ташриф буюрувчилар ўтириб дам олишлари учун 89 дона ўтирғич ва 50 дона махсус чиқинди яшиклари ўрнатилди. Ҳудудда хавфсизликни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, 27 дона кузатув камералари қўйилди.
Дарҳақиқат, сайлгоҳни барпо этилишига ижодкорона ёндашилганлигини унга кириб келишданоқ ҳис этасиз. Дастлаб сайр қилувчиларни эни 20 метр, баландлиги 8 метр бўлган сунъий шаршара ва фаввора қарши олади. Унинг атрофига ўрнатилган қулай ўриндиқларда ўтириб, салқин шабадада маза қилиб дам олиш мумкин.
Спортсевар ёшлар учун эса 2 та сунъий қопламали футбол майдони, 2 та шахмат клуби ҳамда 1 та теннис клуби барпо этилган. Бу ерга нафақат ёшлар, балки катталар ҳам келиб, ўзлари истаган спорт тури билан бемалол шуғулланиши мумкин.
Сайлгоҳ ҳудудида барпо этилган замонавий кутубхона эса куну тун китобхонлар хизматида бўлади. Икки мингдан ошиқ бадиий асарлар фондига эга бўлган ушбу кутубхона ёшларнинг бадиий тафаккурини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
“Ёшлар сайлгоҳи”нинг тантанали очилиш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов ва бошқа масъуллар иштирок этишди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг