Қашқадарёда илғор муҳандислик мактаби очилди

14:07 14 Октябр 2024 Жамият
440 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Жорий йилнинг 20 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, шу жумладан, олий таълим муассасаларида «Илғор муҳандислик мактаблари» ташкил этиш бўйича вазифалар берилган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда Шўртан газ-кимё мажмуаси масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида «Газ-кимё ва энергетика» илғор муҳандислик мактаби очилди.

Шўртан газ-кимё мажмуаси ҳудудида жойлашган муҳандислик мактабининг замонавий ўқув биносидаги 4 та амалий машғулотлар хонаси, ахборот-ресурс маркази, заводдаги марказий лаборатория, электр таъминоти цехи, электротехника лабораторияси, метрология хизмати қиёслаш лабораторияси ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси хизмати эко-аналитик лабораторияси таълим олувчилар ихтиёрида. Улар икки йил давомида нефть ва газни қайта ишлаш технологияси, электр таъминоти ва кимёвий технология мутахассисликлари бўйича тайёрланади.

2024-2025 ўқув йилининг ўзида 24 нафар магистр, 6 нафар ёш олим ва докторант томонидан илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш, корхонанинг илмий технологик муаммолари бўйича жами 3 миллиард сўмлик 3 та илмий лойиҳа бажарилиши режалаштирилган. 2025-2026 йилларда эса 20 дан ортиқ магистрлик ва 3 та докторлик диссертацияси ҳимоя қилинади, 2 та инновацион ишланма ишлаб чиқаришга жорий этилади. Шўртан газ-кимё мажмуаси ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти олимлари ҳаммуаллифлигида 2 та илмий ихтирога талабнома топширилади. 10 дан ортиқ мавзуларда илмий технологик муаммоларнинг муҳандислик ечимлари ишлаб чиқилади.

— Биз бу ерда биринчи навбатда магистрлардан иборат гуруҳни шакллантирдик, — дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори Орифжон Бозоров. — Улар иштирокида институт ва корхона мутахассислари томонидан дуал таълим асослари йўлга қўйилади, замонавий лабораторияларда илмий тадқиқот ишлари олиб борилади. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси иқтидорли ёшларнинг ва ёш олимларнинг ўз салоҳиятини янада кенг намоён этиши, ўз устида ишлаши, илмий тадқиқот ишларини изчил амалга ошириши учун катта имкониятлар яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер