Қарздорлик оқибати

11:31 31 Март 2023 Жамият
669 0

Фото: «Халқ сўзи»

Қарздорлик шундай иллатки, унинг домига тушмоқ барбод бўлмоқ, демакдир. Ўз вақтида халос бўлиш эса ягона чора ҳисобланади. Зеро, қарз қарзни чақиради, деб бежиз айтишмаган. Миқдор қанча ортса, унинг салбий оқибатлари ҳам шунча ортаверади. Афсуски, буни била туриб, тегишли чора кўрмайдиган ҳамюртларимиз ҳам бор. Бундай ҳоллар юридик шахслар томонидан юзага келганда зарар кўлами атрофдагиларга ҳам зиён етказаётганлиги ачинарлидир. Айниқса, тадбиркорлик субъектлари томонидан қарздорликни сўндириш мақсадида кўрилаётган чоралар унинг ишлаб чиқариш кўламига жиддий таъсир кўрсатиши жамоадаги ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бироқ, қонун барчага баробар! Шундай экан, бу каби ташвишларга йўлиқмасликнинг энг мақбул услуби қарздор бўлмасликдир. Мажбурий ижро бюросининг Андижон вилояти бошқармаси томонидан эса ана шундай ҳодисаларнинг ижобий ечимини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Мисол учун, Асака туманлараро иқтисодий судининг ижро ҳужжатида қарздор «Андижон бройлер» фермер хўжалигидан «Андижон вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖга 433 717 352 сўм асосий қарз ва 3 407 181 сўм пеня ундирилиши кўрсатилган бўлиб, уни сўндириш учун ушбу фермер хўжалигига тегишли трансформатор хатланиб, баҳолаш учун тегишли муассасага юборилди. Қарздор фермер хўжалигининг фойдаланилган электр энергиясидан бўлган қарздорликни ўз вақтида тўламаганлиги шу каби оқибатга сабаб бўлди. Энди трансформатор сотувидан тушган маблағ электр қарзини бартараф этиш учун йўналтирилади.

Андижон туманида фаолият юритувчи «Eco tree tour», «Barqaror savdo barakasi», «National logistics AAA» ва «HAN logistics 701» МЧЖлари ҳам ўз фаолиятини ривожлантириш мақсадида «Ипотекабанк» АТИБдан жами 2,9 млрд сўм кредит маблағи олган бўлсаларда, уни ўз вақтида қайтариш чорасини кўрмаганлар. Бу вақти келиб бошланғич баҳоси 521 млн сўм бўлган “SHACMAN” ҳамда баҳоси 519 млн сўмлик “SHAANXI” русумли автотранспорт воситаларининг хатланишига сабаб бўлди. Ваҳоланки, бюро ходимлари қарздор жамият вакилларини қарздорлик бартараф этилмаса, хатланган мол-мулкларнинг электрон онлайн-аукцион савдосида сотилиши юзасидан огоҳлантирганлар.

— Бу каби ҳолат Асака туманидаги «Сапфир-2001» қурилиш ишлаб чиқариш ва савдо фирмасида ҳам кузатилди, — дейди Мажбурий ижро бюросининг Андижон вилоят бошқармаси ходими Ойистахон Абдураҳмонова. — У «Алоқабанк» акциядорлик тижорат банкидан 2 млрд 10 млндан зиёд кредит маблағига эга бўлдию, қарздорлик сўндиришда «ишлари юришмай қолди». Ижро ҳаракатлари давомида кредит шартномасига асосан гаровга қўйилган, қиймати 3 млрд сўм бўлган асфальт-бетон ишлаб чиқариш цехининг бино ва иншоотлари хатланиб, “e-ijro auksion” ягона электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқарилишига тўғри келди. Шундан сўнг, қарздордан 2 млрд 10 млн 787 минг 864 сўм миқдордаги кредит қарздорлиги тўлиқ ундирилиши ва ижро ҳужжатининг амалда тамомланишига эришилди. Афсуски, бу каби мисолларни яна келтириш мумкин.

Қарздорлик билан боғлиқ муносабатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш, ишлаб чиқариш кўламини ошириш, янги иш ўринлари барпо этиш орқали аҳоли даромадини шакллантириш борасида барча шароитлар яратилмоқда. Бундан унумли фойдаланиб келаётган ишбилармонлар нафақат, корхонаси, балки, республикамиз иқтисодиётига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Бироқ, ўз имкониятини ҳисобга олмаган ҳолда банкдан молиявий кўмак олувчи корхоналар ҳам учраб турибдики, бунинг оқибати қандай сабабларга олиб келиши юқоридаги мисолларда ўз аксини топди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер