Қарздорлик ҳақида хат келди. Аслида эса…

Тўрақўрғон шаҳрининг “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Қодирхон Улуғхўжаев ўзини коммунал соҳада интизомли тўловчилардан, деб ҳисоблайди. Бироқ туман электр таъминоти корхонасидан “Фойдаланилган электр энергиясидан бўлган 746000 сўм қарзингизни тўлаб қўйинг” мазмунида келган билдиришномадан таажжубга тушди.
“Тўловни ойма-ой амалга ошириб келаётган бўлсам, бу муаммо қаердан келиб чиқди?” Электр таъминоти идорасидан ҳақли саволига қониқарли жавоб топа олмаган фуқаро масалани истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти туман бўлимига ҳавола қилди.
Қ. Улуғхўжаев тақдим этган ҳужжатлар, хусусан, тўлов қоғозлари синчиклаб ўрганилди. Маълум бўлишича, таъминотчилар хато қилишган экан. Аниқроғи, компьютер англашилмовчиликка йўл қўйибди. Аммо бу “ақлли машина”нинг тугмачасини инсон босади, тегишли маълумотни мутахассис киритадику! Ажабланарлиси, истеъмолчининг қарзи эмас, аксинча 107 киловатт соат электр энергия учун ҳақни олдиндан тўлаб қўйган экан.
— Барчамиз истеъмолчимиз ва кундалик турмушда қайсидир хизмат туридан фойдаланиш ёки нимадир харид қилишга тўғри келади, — дейди Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш федерацияси вилоят ҳудудий бўлими ходими Гулчеҳра Эркаева. — Шундай пайтларда юзага келган муаммоларни бартараф этишда фуқароларга тезкор ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида мурожаат қилган 175 нафар истеъмолчидан 158 нафарининг масаласи ижобий ҳал қилинди.
Масалан, янгиқўрғонлик Арабхон Абдуллаевнинг Наманган шаҳридаги дўкондан сотиб олган музлаткичи олти ойга етмай бузилиб қолади. Кафолат муддати тугамагани учун сотувчидан таъмирлатиш ёки янгисига алмаштириб беришни сўрайди. Унинг талабига қулоқ тутмаган дўкон мудирига истеъмолчи ҳуқуқини батафсил тушунтирилганидан сўнг музлаткич таъмирлаб берилди.
Қ. НАЖМИДДИНОВ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг