Қамашилик фермер хорижга брокколи экспорт қилмоқда
Фото: "Халқ сўзи"
Сўнгги йилларда Қашқадарё вилоятида ғалладан ёки бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида брокколи етиштириш тобора оммалашиб бормоқда.
Қамаши туманида фаолият юритаётган “Нурманова Хуршида” сабзавотчилик фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Маҳматмуродов ҳам бир неча йилдан буён брокколи етиштириб, ундан яхши даромад оляпти.
Брокколи гулкарамнинг бир тури бўлиб, энг сервитамин ва парҳезбоп сабзавотлардан ҳисобланади, — дейди Шерзод Маҳматмуродов. – Шу сабзавотни етиштира бошлагач унинг тарихи, фойдали хусусиятлари ҳақидаги маълумотларни қизиқиб ўргандим. Манбаларга кўра, брокколини илк бор италияликлар истеъмол қила бошлашган ва у дастлаб “Италия сарсабили” деб аталган экан. Кейинчалик “брокколи” деган ном билан юритилган. Тўғри, айни вақтда брокколи истеъмоли юртимизда унчалик оммалашмаган, лекин жаҳон бозорида жуда харидоргир. Биз ҳам етиштирган маҳсулотимизнинг асосий қисмини экспортга йўналтиряпмиз.
Фермернинг қўшимча қилишича, биздаги иқлим ва тупроқ шароити брокколи етиштириш учун жуда қулай. Айниқса, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида экилганида ҳам яхши самара беради. Баъзида кузнинг ўрталарига бориб ёғин-сочинли, совуқ кунлар бошланиб қолиши мумкин. Бундай пайтда ҳали тўлиқ пишиб етилмаган айрим такрорий экинлар ўз-ўзидан нобуд бўлади. Бироқ брокколи совуққа жуда чидамли. Ҳатто минус 2 даражагача совуқда ҳам нобуд бўлмайди. То қишга қадар унинг ҳосилини йиғиб, бемалол саранжомлаб олишингиз мумкин.
— Фермер хўжалигимизнинг умумий ер майдони 18 гектарни ташкил этади, — дейди Шерзод Маҳматмуродов. — Бу жойда полиз ва сабзавот маҳсулотларининг деярли барча турларидан етиштирамиз. Имкон қадар ерни бир кун ҳам бўш қолдирмаймиз. Бир экин ҳосили олиндими, дарҳол ерни тайёрлаб, ўрнига мавсумга мос бўлган кейинги экин экилади. Ўтган йили 2 гектар майдонда такрорий экин сифатида брокколи етиштиргандик. Умумий ҳисобда 33 тонна ҳосил олиб, маҳсулотни экспортчи корхоналар орқали тўлиқ ташқи бозорга чиқаришни уддаладик. Шу боис бу йил 10 гектар ерга брокколи экдик. Бу йил ҳар гектаридан 20 тоннадан ҳосилни чамалаб турибмиз. Бундан ташқари, тўқсонбости усулида 20 сотих жойга тошкарам, яна шунча майдонга пиёз, саримсоқпиёз экдик.
Шерзод Махматмуродов хўжаликнинг яна бир ютуғи ҳақида айтиб қолди. Ўтган йиллар хўжаликда етиштирилган маҳсулотни экспортчи корхоналар орқали хорижга сотган бўлса, жорий йилдан бошлаб бу ишни ўзи амалга ошираётган экан.
Бу йил 100 минг долларлик маҳсулотни хорижлик ҳамкорларимизга етказиб беришни уддаладик, — дейди у. — Келгуси йилдан бошлаб бу миқдорни бир неча баробар оширмоқчимиз. Шу боис ҳозир ерга шунчаки экин экиш эмас, хориж бозорларини пухта ўрганиб, энг талабгир маҳсулотларни етиштиришни мақсад қилганмиз.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг