Қайси ҳоким қаерда?

12:25 24 Август 2020 Жамият
2047 0

Бугун идорада ўтириб, буйруқ бериб иш бажарадиган пайт эмас. Манзилларда бўлиб, халқ ичига кириб бормаган, уларнинг дарду ҳасратини тингламаган, яшаш учун, меҳнат қилишлари учун етарли шароит яратиб бера олмаган раҳбар ўз-ўзидан четга сурилиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳар бир лавозим эгасига фуқаронинг ўзи холис баҳо бераётган бир пайтда энг аввало, ҳокимлар янгича ишлаш тизимини ўзлаштиришлари лозим. Бу борада вазият қандай? Ана шу саволга жавоб излаб Андижон вилояти бўйлаб ҳокимлар фаолияти билан танишишни лозим топдик.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов фаолиятини зимдан кузатган киши борки, унинг асли идораси бормикин, деган хаёлга боради. Боиси, тонг отмасдан узоқ тумандаги далада пайдо бўлган вилоят раҳбарини тушликка яқин, у чеккадаги туманда ишлаб чиқариш жараёни билан танишаётганига гувоҳ бўласиз. Бу сафар Фарғона вилояти билан чегарадош Улуғнор туманида учратдик. Бир гуруҳ ёшлар даврасидаги ҳокимнинг фикрларига қулоқ солиб амин бўлдикки, бу ерда «Ёшлар боғи» ташкил этилмоқда. Боғ бунёдкорлиги учун 30 дан ортиқ техник воситалар жалб этилди. Бунёдкорликнинг 1-босқичида 450 нафарга яқин ёшларнинг бандлиги таъминланади.

— Бу ерда ҳар биримизга 3 гектардан ер майдони ажратиб берилди, —дейди ёш боғбон Фарҳодбек Иброҳимов. —​ Ҳудуд чўлликдан иборат бўлгани боис, энг аввал, сув таъминоти йўлга қўйилди. Биз ҳам мавжуд шароитни инобатга олган ҳолда кам сув ичадиган ёнғоқ, писта, бодом каби мевали дарахт кўчатларини экишни лозим топдик. Кўчатлар орасида деҳқончилик қилиб, даромад топиш мумкин.

Асака тумани ҳокими Иномжон Мамадалиевни «Юксалиш» МФЙда учратдик. Бу ерда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш мақсадида ташкил этилган сайёр қабулга юзлаб фуқаролар ташриф буюрган эди.

—​ Бир пайтлар ҳокимиятга бориб, ҳафталаб навбат кутиб турардик, -дейди меҳнат фахрийси Алижон ота Акбаров. —​ Бугун ҳокимларнинг ўзлари маҳалламизга келиб, нима дардинг бор, деб туришибдию! Холимиздан хабар олиб, маҳалламиздаги сув, электр энергияси, табиий газ таъминотида узилишлар бўлмаслигини айтди. Кимгадир моддий ёрдам беряпти, кимнидир ишга жойлаяпти. Бир сўз билан айтганда, ҳоким болага ёлчиганимиздан қўлимиз дуода!

Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровни топишимиз қийин бўлмади. Вилоят марказининг энг гавжум кўчаларидан бирида ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаро билан суҳбат қураётган пайтида учратдик. Суҳбат асносида билиб олдикки, ижтимоий тармоқларда фуқаро Кимёхон Жўраева уйсизлиги боис фарзанди Қамариддин Жўраев билан биргаликда кўчада тунаб қолаётганлиги тўғрисидаги хабар эълон қилинган. Фуқаросининг оғир аҳволдалигидан хабар топган ҳоким мутасаддиларни юбориб, вазиятга ойдинлик киритса ҳам бўларди. Бироқ, бундай қилмади. Унинг ўзи фуқаролар ҳузурига бориб, аҳволи билан танишди. Натижада улар саломатликларини тиклаш учун тиббиёт муассасасига юборилди, янги кийим-бошлар тақдим этилди. Турар жой масаласи эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 февралдаги 170-сонли қарорига асосан белгиланган тартибда ўрганиб чиқиладиган бўлди.

Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитовани охирги марта оёғида эркаклар этиги билан кўрганликларини эшитган заҳотимиз йўлимизни далага бурдик. Ҳар бир вақтдан унумли фойдаланадиган ҳоким опамиз бу пайтда пахта йиғим-теримига тайёргарлик ишларини кўздан кечириб бўлиб, тумандаги ишлаб чиқариш ҳажмини пасайтирган корхоналарнинг ҳолатини ўрганишга киришиб кетган экан. Туман хокими тадбиркорларни қўллаб қувватлаган холда, фаолиятини тиклаш учун “Clean Trade Lux”МЧЖга ўз фаолиятини қадоқлаш линияларига алмаштириш таклифини киритди. Бундан ташқари «Оила акфа» ва «Оташ полвон довруғи» МЧЖлар учун банклар томонидан кредит маблағлари ажратиш, «Бўз нон лаззат», «Асл ширинлик» қолипли нон ишлаб чиқариш ҳамда миллий пишириқлар тайёрлаш корхоналарига ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринларини яратиш борасида ўз кўрсатмаларини берди.

Хуллас, қайси ҳокимни излаб ҳокимиятга борган бўлсак, бирортасини иш жойида топ олмадик. Йўғ-е, иш хонасидан, десак тўғри бўлади. Ахир, уларнинг иш жойи ўзи фаолият юритаётган туман-ку! Энг муҳими, аксарият ҳокимлар фаолиятидан ҳамюртларимиз миннатдор! Эл дарди билан яшаётган раҳбар борки, фуқароси розилигига муносибдир. Ҳа энди, сал бундайроқ ҳокимлар ҳам йўқ эмас... Улар ҳақида кейинги сафар...

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер