Қайнарнинг қайсар қизи

16:09 07 Июль 2022 Жамият
1224 0

Фото: Халқ сўзи

Зарифа Хидировани китобликлар «Ўзимизнинг фермер қизимиз» деб оғизларидан бол томиб мақташади. «Аёл боши билан қиру адирликларга сув олиб бориб, токзорлар барпо қиляпти, кам таъминланган аёлларни иш билан банд этяпти, ишкомларида пишган сархил узумлари шираси тилни ёради, бўлсанг, Зарифахон каби фермер бўл, Зарифахондек, меҳнатдан қочма, қишнинг қаҳратонию ёзнинг жазирамасидаям у каби далаю даштни тарк этма», дейишади кексалар ёшларга қарата.

Зарифахон гоҳида бу гапларни орқаворатдан эшитиб, жилмайиб қўяди. Ахир сени улғайтирган, вояга етказган эл оғзидан шундай мақтов эшитиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Элнинг мақтови энг улуғ мукофот аслида. Кимнинг кимлигини эл яхши билади, ойни этак билан ёпиб бўлмадику!

Бўлмаса, Зарифахон Хидирова Китоб туманининг Қайнар қишлоғида оддий бир ўқитувчи бўлиб, ёшларга сабоқ бериб юрса ҳам бўларди. Лекин у шунча қир-адир бўш ётибди, шу ерларда узумзор барпо этилса, қанчадан-қанча маҳсулот етиштирилади, узумни ҳатто хорижга экспорт қилиш имконияти яратилади, деб ўзича хомаки лойиҳа тузди. Қаранг, бу шунчаки хомаки лойиҳа бўлиб қолиб кетмади, балки амалга ошди: Зарифа 2017 йилда яратган токзорлар бугун ҳосилга кириб, кўзни яшнатиб турибди.

— Қўй, қизим, ўзингни овора қилма, бу ерларда узум бўлмайди,— деган кишилар ҳам бўлди ўшанда, — дейди Зарифа Хидирова. — Токни экдинг ҳам дейлик, сувни қаердан олиб келасан, ахир сувсиз ниҳол нобуд бўладику, деб фикримдан қайтармоқчи ҳам бўлишди. Тўғриси, бироз қайсарлигим бор, айтдимми, қиламан. «Водовоз» билан сув ташиб, токларни ёз чилласидан омон олиб чиқдим. Кейинги йили ҳосил нишоналари кўрина бошлади. Биласизми, токзоримда узум пишганида кўзимга ёш келди. Ҳамқишлоқлар келиб мени табриклашди. Мақсадимдан қайтармоқчи бўлган отахон келиб, «Зарифахон, аломат қиз экансан, уддасидан чиқдинг, раҳмат сенга!» деб бағрига босди. Ҳозирга қадар воситачилар кўмагида 120 тонна узумни хорижга экспорт қилдик. Мақсадим эндиликда воситачиларсиз тўғридан- тўғри ўзим маҳсулотни хорижга экспорт қилиш устида иш олиб боряпман.

Зарифахон яна бир мушкул ишга қўл урди. 7-8 километр узоқликдаги булоқдан сув олиб келиб, 1 гектар узумзор яратмоқчи бўлди. «Буниси энди жуда қийин, уддалай олмайсан», дейишди баъзилар. Зарифа енг шимарди. Полвонкелбат эмасми, ўша тоғдаги булоқ томонга йўл олди. Қанча маблағ кетса кетди, лекин булоқдан сув келди. Қувурдан жилдираб оқаётган сувни кўрганда қайнарлик кексалар қўлини дуога очиб, уни узоқ алқади.

Ҳозир унинг «Кўкчинор» фермер хўжалигида 33 нафар мавсумий, 12 нафар доимий ишчи меҳнат қилади. У «Фермер аёл» республика форумида иштирок этиб, Жаҳон банки иштирокидаги «Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш» лойиҳасининг «Энг яхши фермер» номинацияси соҳиби бўлди. Шунингдек, «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, Ўзбекистон банклар ассоциацияси томонидан ташкил этилган «Анор» республика миллий кўрик-танловида ҳам совринли ўринлардан бирини қўлга киритди.

Тиниб-тинчимас фермер эндиликда янги лойиҳалар устида бош қотирмоқда. Яқинда у мева ва сабзавотни қуритадиган, қадоқлайдиган ускуналарни олиб келиш ниятида елиб-югуриб юрибди.

— Мақсадим «Кўкчинор» бренди астида чиройли қилиб қадоқланган майиз ва бошқа маҳсулотларни хорижга экспорт қилишдир, — дейди З. Хидирова. – Бунинг учун ҳамма имкониятларимиз бор. Ўзимиз етиштирган узумдан сояки майиз тайёрлашни йўлга қўйганмиз. 1000 туп турли мевали дарахт кўчатлари экдик. Узумзорларимиз кенгайиб бормоқда. Қайнар қишлоғидаги ишсиз аёллар бандлигини таъминлашга ҳаракат қиляпман. Энг муҳими, Қайнарда иш қайнамоқда.

Яна бир гап. Зарифа Хидирова Китоб тумани ҳокимининг «Қайнар» маҳалла фуқаролар йиғини бўйича ёрдамчиси этиб тайинланди. Бу масъулиятли ва шарафли вазифага киришар экан, у «Қайнар қишлоғи ёнгинасидан ўтган Тахтақарача довони четида 20 та меҳмон уйлари қуришга киришди. Ҳозирги кунда меҳмон уйлари деярли битиб, Самарқанд шаҳридаги турфирмалар билан хорижлик сайёҳларни олиб келиш бўйича шартномалар имзоланди. Ҳозирданоқ Германия ва Франциядан келган сайёҳлар Тахтақарача довони, Қайнар қишлоғи ва Етти қиз ғори табиатидан баҳраманд бўлишга улгуришди.

Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер