Қаҳрамон таҳсил олган мактабда ўқиётганимдан ғурурланаман — Сардорбек Каримов
Балиқчи туманида 14 январь — Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Чинобод шаҳарчасидаги 39-умумтаълим мактабининг собиқ ўқувчиси, ҳарбий хизмат пайтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган Асилбек Мирзаев хотираси эсга олинди.
— Асилбек Чирчиқ шаҳридаги Олий қўмондонлик-муҳандислик билим юртида таҳсил олган, — дейди туман ҳокимлиги матбуот хизматининг раҳбари Музаффарбек Каримов. — 2000 йил 16 сентябрь куни Сурхондарё вилоятида бир гуруҳ террорчи тўдаларга қарши ҳаракатда мардлик кўрсатган. Бугунги тинч ва тотув ҳаётимиз учун курашган ва жонини фидо қилган бу ўғлоннинг номи авлодлар хотирасида доим сақланади.

Тадбир давомида Асилбекнинг устозлари, дўстлари, оила аъзолари сўз олишиб, ҳарбий хизматчи сифатидаги намунали фазилатлари ҳақида айтиб ўтишди.
— Мен қаҳрамон таҳсил олган мактабда ўқиётганимдан ғурурланаман, — дейди 39-умумтаълим мактаби ўқувчиси Сардорбек Каримов. — Аъло баҳоларда ўқиб, Асилбек акам каби элу юртга наф келтирадиган жасур инсон бўлиб улғаяман.
Хотира кечасида устозлар Асилбекнинг ибратли ҳаёти ва хизмат фаолияти ҳақида ёшларга сўзлаб беришди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг