Қадимий тангаларни олиб чиқишга уринган фуқаро қўлга олинди
Тарихий аҳамиятга эга бўлган қадимий тангаларни божхона пости орқали ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди, деб хабар берди Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.
Хабарда айтилишича, Тошкент халқаро аэропорти орқали хорижга йўл олган фуқаро Б.А.нинг юклари божхона кўригидан ўтказилган.
Натижада, юклар орасида божхона назоратига тақдим этилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган 8 дона Россия империясида зарб этилган қадимий тангалар борлиги аниқланади. Мазкур тангаларни олиб чиқиш учун фуқарода тегишли идоралар томонидан бериладиган рухсатномалар бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 августдаги “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш мумкин эмас.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг