Қадимий қўлёзмалар қаровсиз қолмасин ёхуд Бухородаги илмий марказ кимга кераксиз бўлиб қолди?

17:55 15 Апрель 2021 Маданият
2709 0

Кейинги йилларда буюк аждодларимиз диний, илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, тарғиб этиш, ёш авлодни миллий қадриятларимиз асосида тарбиялаш борасида катта ишлар амалга оширилди. Бу хайрли юмушлар изчил давом эттирилмоқда.

Гап маданий мерос ҳақида борар экан, қўлёзмаларнинг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этмоқ керак. Зеро,ҳар қанча ғурурлансак арзийди: юртимиз, жумладан, Бухородан қадимда ўнлаб мирзамуншийлар ва саҳҳофлар етишиб чиққан, бутун бошли хаттотлик санъати мактаблари вужудга келган .Агар ўтмишда барча асарлар қўлёзма ҳолида нусха кўчириш йўли билан кўпайтирилгани инобатга олинса, бу мактабларнинг ўрни ва аҳамияти бениҳоя катта эканлиги аёнлашади. Бинобарин, аждодларимиздан мерос ҳар бир қўлёзмани асраб-авайлаш, уларни ўрганиш, келажак авлодга зиён – заҳматсиз етказиш бурчимиздир.

— Бухоро давлат музей-қўриқхонасида сақланаётган араб ёзувидаги қўлёзмалар фонди ўзининг бойлиги, асарларнинг ранг-баранглиги ва илмий қиммати жиҳатидан ноёб саналади, — дейди узоқ йиллардан буён Бухоро хаттотлик мактаби тарихи ва унинг маданий ҳаётга таъсири мавзуида самарали изланишлар олиб бораётган олим, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ўқитувчиси Ҳусен Жўраев.  — Бу ерга мамлакатимизнинг турли илм даргоҳларидан олим ва тадқиқотчилар келиб, илмий изланишлар олиб боришмоқда. Афсуски, ҳозирги кунда ушбу қўлёзмаларни асраш ачинарли аҳволда. 500 – 700 йиллик тарихга эга айрим қўлёзмалар қуриган дарахт баргини эслатади. Майдаланиб титиладиган ҳолатга келиб қолган. Фикримча, уларни марказ кутубхоналарига кўчириш ҳолларига ҳам чек қўйиш зарур. Чунки қўлёзмалар олис масофага ташишга ва китоб кўргазмалари намойишига дош бермайдиган даражага келиб қолган.

Мутахассиснинг фикрича, бунга қўлёзмалар сақланадиган фондларда (бундай фонд Абу Али ибн Сино номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ҳам бор) китоб таъмирловчи штатларининг йўқлиги, малакали кадрларнинг камлиги, қадимий қўлёзмаларни рисоладагидек сақлаш учун замонавий шарт- шароитларнинг мавжуд эмаслиги сабаб бўлмоқда. Ваҳолонки, дунёда бу борада ўрганса арзигулик тажрибалар бор. Масалан, жаҳондаги энг йирик кутубхоналардан саналган Россия миллий кутубхонасининг нодир қўлёзмалар фондида бутун бошли лаборатория фаолият кўрсатади.Қўлёзмалар ҳолатини яхшилаш, уларни ташқи таъсирлардан муҳофаза қилиш ишларида оддий таъмирловчидан тортиб профессорларгача иштирок этишади.

— Бизда ҳам қўлёзмалар умрбоқийлигини таъминлаш учун доимий лаборатория ташкил қилиш, унга мутахассис олимларни жалб этиш керак, — давом этади Ҳ. Жўраев. — Нодир асар ва ҳужжатлар жойлашган хоналар намликни меъёрда сақлаб турадиган кондиционерлар билан жиҳозланса, реставрация хоналари ажратилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Мазкур юмушларни амалга ошириш учун китобат санъати усталарини, хусусан, қоғозрез, яъни қоғоз қуювчи, хаттот, лаввоҳ, наққош муқовасоз, китоб реставратори, манбашунос мутахассисларни тайёрлаш зарур, албатта.

Ўрганишлар кўрсатдики, масала бениҳоя долзарб. Тизимда бир қатор муаммолар юзага келган. Масалан, 2017 йилда Бухоро давлат музей – қўриқхонасида араб ёзувидаги қўлёзмаларни ўрганиш илмий марказида штатлар қисқартирилган. Бу ҳам етмагандай унинг илмий мақоми олиб ташланган ва музей тасарруфидаги «Ҳужжатлар» фонди бўлими таркибига киритилган.

— 1990 йилдан то 2017 йилгача яъни янги штатлар жадвали чиққунига қадар илмий марказда уч ходим ишлар эди, — дейди музей-қўриқхона илмий ходими Аҳтам Аҳмедов. — Марказдаги 7000га яқин тарихий ёзма манбаларнинг сақланиши, умрига умр қўшиш, уларни ўрганиш борасида маълум даражада ишлар олиб бориларди. Ҳозир эса 47000 та экспонатга икки нафар ходим жалб қилинган. 2017 йилдаги ички қарор зарарга ишлаяпти. У халқимиз бой маданий меросининг ажралмас қисми саналган қўлёзма китоблар, тарихий ҳужжатларни қишда намдан сақлаш, ёзда иссиқ ва қуруқ ҳаводан асрашга хизмат қилмаяпти. Уларга талафот етса, нодир китобларни қайтадан кўчириб бера оладиган хаттотларни қайдан топамиз?!

Дарҳақиқат, 27 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган бутун бошли қўлёзмалар фонди шошма-шошарлик билан чиқарилган биргина ички буйруқ билан йўққа чиқарилса бу ўзимиз соясидан баҳра олиб турган дарахт илдизига болта уриш билан баробар эмасми?! Қолаверса, бундай ёндашув давлатимиз раҳбарининг 2017 йилнинг 24 майидаги «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талабларига зид эмасмикан?

— Илмий марказнинг аҳамияти бениҳоя катта, — дея мулоҳаза юритишда давом этади А. Аҳмедов. — У фақат қўлёзма китоблар ёки тарихий ҳужжатларни ўрганиш билангина чекланиб қолмайди. Марказ безак санъатининг барча турлари, дейлик, тарихий бинолар пештоқидаги, масжидлар меҳробидаги, қабр тошларидаги, эркак ва аёлларнинг кийимларидаги, чинни ва сопол буюмлардаги, мисдан ишланган уй-рўзғор анжомлари, тангалар, ёғоч дарвоза ва эшиклардаги эпиграфик ёзувларни, умуман олганда, ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганиб, тадқиқ этади.Марказ боқий меросни келажак авлодга беминнат етказишга хизмат қилади.

Масаланинг яна бир томони бор. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Бухорода «Мир Араб» олий мадрасаси фаолияти йўлга қўйилди. Бухоро давлат университетида «Ислом тарихи ва манбашунослиги» йўналишида бўлим таъсис этилди. Бундан ташқари, матншунослик ва адабий манбашунослик йўналишида таҳсил олаётган бакалавр ва магистратура босқичидаги талабалар бор. Агар Бухородаги илмий марказ фаолияти қайта тикланса, фаолияти кенгайтирилса биз юқорида номини тилга олган ўқув даргоҳларининг толиби илмлари, ёш мутахассисларнинг бу ерда илмий-тадқиқот ишлари олиб боришлари учун жуда қулай муҳит юзага келган бўлур эди. Негаки, Бухорода араб ёзувидаги нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар жуда кўп. Улар ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди.

Бинобарин, Бухородаги нодир қўлёзмалар, китоблар, тарихий ҳужжатларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш,ўрганиш, уларнинг умрига умр қўшиш бугун ҳар қачонгидан кўра долзарб бўлиб турибди.Буни мутасаддилар унутмасликларини истардик!

Истам ИБРОҲИМОВ,
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер