Пурвиқор тоғлар, зилол сойлар гўшаси – Шоҳимардон сайёҳларни кутмоқда

19:15 23 Май 2022 Жамият
2057 0

Фото: Халқ сўзи

Дилбар ва малоҳатли табиати туфайли Ўзбекистон Швейцариясига қиёсланувчи Шоҳимардон баҳор ва ёз фаслида ўз кўрку тароватини қисқа фурсат кўз-кўз қилади. Аммо бу узоқ-яқиндан ташриф буюрувчи сайёҳларнинг қалбида бир умр унутилмас таассуротлар қолдиради.

— Шоҳимардон қишлоғи асрлар мобайнида сайқалланиб келаётган ўзига хос қадрият ва анъаналарига эга, — дейди Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Шоҳимардон» туризмни ривожлантириш дирекцияси туризм мутахассиси Манзура Мўминова. — Дилбар Фарғонанинг табиати энг гўзал ва бетакрор бўлган ушбу ҳудудида туризмни ривожлантиришда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тарихий зиёратгоҳ ва маданий обидалар томошаси, Шоҳимардон таомлари бўйича маҳорат дарслари, мевазор боғларга саёҳат, миллий дорбозлик санъати, ўлан ва лапарлар куйланадиган мусиқий дастурлар шулар жумласидандир.

Фарғона вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Баҳодир Ҳошимовнинг «Халқ сўзи» мухбирига хабар беришича, 2022 йил ёз мавсумига тайёргарлик ишлари доирасида янги йўл кўрсаткичлари, йўл хариталари ишлаб чиқилди. Сайёҳлар учун ахборот маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Шоҳимардондаги ўттиздан ортиқ дам олиш масканлари капитал таъмирдан чиқарилиб, бир кунда минг нафардан зиёд сайёҳларни қабул қилиш имконияти яратилди.

Шунингдек, қўшни Қирғизистон Республикасининг Баткен вилояти масъуллари билан ҳамкорликда икки мамлакат бўйлаб мароқли саёҳатни ўз ичига олган уч, беш, етти кунга мўлжалланган дастурлар тайёрланди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер