Президент навқирон авлоднинг Янги Ўзбекистон равнақига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади

19:15 31 Август 2024 Сиёсат
601 0

Фото: Президент матбуот хизмати

«Янги Ўзбекистон» боғида бўлиб ўтаётган Республика мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган байрам тадбирида Президент Шавкат Мирзиёев бугунги кунда навқирон фарзандларимиз Янги Ўзбекистон равнақига муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

Бунинг тасдиғи яқинда Парижда бўлиб ўтган 33-ёзги Олимпия ўйинларида яна бир бор яққол намоён бўлди. Азму шижоатли ўғил-қизларимиз дунёдаги энг йирик спорт анжуманида 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медални қўлга киритдилар. Улар миллий спортимиз тарихида шонли саҳифа очдилар.

Шу кунларда Париждан яна кетма-кет қувончли хабарлар келаётгани айтилди. Паралимпиячи ўғил-қизларимиз ҳам халқимиз учун Мустақиллик байрамига муносиб совғалар ҳадя этишмоқда.

Маҳоратли спортчиларимиз Асила Мирзаёрова, Қудратулла Маъруфхўжаев, Элбек Султонов олтин медалларни, матонатли ўғил-қизларимиз Зиёдахон Исоқова, Кубаро Ҳакимова кумуш медалларни, Муслима Одилова, Толиббой Йўлдошев, Моҳигул Хамдамова эса бронза медалларини қўлга киритдилар.

«Мана, бизнинг қандай қаҳрамонларимиз, қандай ўтюрак паҳлавонларимиз бор! Уларга таҳсин ва тасаннолар бўлсин!» деди Президент.

Бугунги ниҳоятда мураккаб ва таҳликали давр олдимизга янги-янги синов ва муаммоларни кўндаланг қилиб қўяётгани кўрсатиб ўтилди.

«Лекин ҳаёт қанчалик машаққатли бўлмасин, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни изчил давом эттириб, халқимизни рози қилишга, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Қуролли Кучларимизни замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, уларнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга бундан буён ҳам улкан эътибор қаратамиз.

Лекин, тинчликни сақлаш фақат ҳарбийларимизнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Бу барчамизнинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи бўлиши шарт.

Юртнинг кучи – бирликда, қадри эса тинчликдадир!» деди давлат раҳбари.

Ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий эътибор 5 та устувор йўналишга қаратилаётгани таъкидланди.

Булар: сифатли таълим тизимини йўлга қўйиш; бизнесни ривожлантириш; коррупциядан холи, адолатли суд тизимини яратиш; соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан яхшилаш; экологик барқарорликни таъминлаш.

«Муаммоларимизнинг ечими, саволларимизнинг жавоби фақат ва фақат таълимда. Ҳамма эшикларни очадиган калит ҳам – фақат ва фақат таълим ва тарбиядир. Шу сабабли мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича катта дастур қабул қилдик.

Мактабларимизда аввало она тили ва адабиётини чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарзандларимизга чет тилларидан сифатли таълим бериш мақсадида хорижий тил эгаларини олиб келмоқдамиз.

Мактаб ўқувчилари жаҳондаги илғор тажрибалар асосида тайёрланган замонавий дарсликлар билан таъминланмоқда.

Юртимизда дунёдаги нуфузли олийгоҳларнинг филиалларини очиб, Ўзбекистонни йирик таълим марказига айлантиришни мақсад қилганмиз.

Ёшларимиз етакчи хорижий университетларда таҳсил олиб, тажриба орттириб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилишга бел боғлаганлар. Бунинг учун уларга “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали янада қулай имкониятлар яратамиз.

Айниқса, хотин-қизларнинг билим олишлари, касб эгаллашларига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Мен ҳурматли ота-оналарга қарата айтмоқчиман: қизларингизни ўқитинг, орзу-умидларини рўёбга чиқаришларида уларга кўмакчи бўлинг!

Улуғларимиз айтганларидек, ўғил болани ўқитсак, бир киши саводли бўлади. Қиз болани ўқитсак, бутун оила, бутун жамият билимли бўлади!» деди Шавкат Мирзиёев.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер