Президент эътироф этган "Бағдод тажрибаси": битта маҳаллада 50 та кўп қаватли уй қуриляпти
Кеча Президентимиз бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу давлатимиз раҳбари томонидан «Бағдод тажрибаси» сифатида эътироф этилди
2021 йилда Бағдод тумани марказидан 12-13 км. узоқда жойлашган «Мурувват» МФЙ ҳудудида 50 та кўп қаватли уйлар қурилишига киришилди. Ҳозирда ушбу маҳаллада 19 та ихтисослаштирилган тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилиш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ипотека кредитлари асосида уй-жой қурилиши тизимини такомиллаштириш, тадбиркорларга имтиёзлар бериш ва рағбатлантириш, аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қуватлаш бўйича қабул қилинган кўплаб қарорлар бу борада муҳим дастуриламал бўлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров тиғиз иш режасига қарамай, деярли ҳар куни ушбу ҳудуддаги қурилиш жараёни билан танишади. Кеча вилоят раҳбари яна бир бор Мурувват МФЙга ташриф буюриб, ҳар бир қурилиш ташкилоти раҳбари билан юзма-юз суҳбатлашди.

— Бу уйларнинг сифати, нархи арзон бўлиши муҳим, — деди вилоят ҳокими. — Қолаверса, қурилиш маданиятини ҳам шакллантириш керак. Яқин истиқболда мазкур ҳудудда юзлаб кўп қаватли уйлар қуриш имкони бор. Шу боис ҳар бир қурилиш режасини ишлаб чиқишда кейинги ўн беш, йигирма йиллик тараққиёт мезонларини инобатга олиш фойдадан холи бўлмайди.
Замонавий массивда янги МФЙ биноси, қўшимча 440 ўринли мактаб, 150 ўринли болалар боғчаси, поликлиника, савдо мажмуаси, коворкинг маркази, спорт комплекси, маданият маркази, истироҳат боғи сингари ижтимоий соҳа объектлари қурилишига ҳам киришилди. Электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортиш, ички йўллар қурилиши бўйича ҳам шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида лойиҳа ҳужжатлари тайёрланди.
Шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида Мурувват МФЙга ёндош ҳудудда 14,3 гектар майдонда «Мустақиллик» кичик саноат зонаси, 100 гектар ерда ҳар бири 10 сотихдан лимончиликка ихтисослашган иссиқхоналар барпо этиляпти. Бугунги кунгача 85 та иссиқхона битказилиб, ҳудудда қуриб битказилган уйларга кўчиб келган оилаларга ажратиб берилди.
Ҳозирги кунга қадар Мурувват МФЙда 5 та кўп қаватли уйлар битказилиб, асосан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган оилаларга ажратилди. Уйнинг 1 кв. метр нархи 3,5 млн. сўм бўлиб, икки хонали хонадоннинг қиймати 140 млн. сўм, уч хонали уй 168 млн. сўмни ташкил этмоқда. Айтайлик, икки хонали уйнинг бошланғич тўлови 21 млн. сўм. Уй олувчига 15 фоиз миқдорида субсидия (14 млн. сўм) берилиши натижасида у атиги 7 млн. сўм маблағ эвазига янги уйга кўчиб ўтади.
Марғуба Аҳмедова оиласида икки нафар фарзанд тарбияланмоқда. Яқинда янги уйга кўчиб ўтган оилага 10 сотихли иссиқхона ҳам ажратилди. Лимон экиб тайёр ҳолда тақдим этилаётган иссиқхона уч йиллик имтиёзли давр билан беш йилга берилди.
— Оилада тўрт кишимиз, — дейди Марҳабо Ҳасанова. — Турмуш ўртоғим Мансур Ҳасанов I гуруҳ ногирони. Уй кредити учун ойига 853 минг сўмдан тўлаяпмиз. Оиламизга кўрсатилган бундай ғамхўрлик бизни беҳад мамнун этди.
Камола Мирзакаримова 3 нафар болалари билан битта ҳовлида икки нафар овсинлари оиласи билан қийналиб яшаб келганини таъкидлайди. Мурожаати асосида бу оилага 3 хонали уй ажратилди. Турмуш ўртоғи чилангар уста, ўзи чевар. Шу кунларда «Мустақиллик» кичик саноат зонасида ташкил этилаётган янги корхонага ишга жойлашиш ҳаракатида юрибди.
Мурувват МФЙда қурилиш-бунёдкорлик ишлари тобора жадаллашиб, бир-биридан кўркам кўп қаватли бинолар қад ростлаяпти. Халқимизга хос яратувчанлик салоҳиятини намоён этаётган ушбу қурилишлар Янги Ўзбекистоннинг Янги тарихи солномасида «Бағдод тажрибаси» сифатида эътироф этилса, ажаб эмас.
Ботир Мадиёров
(«Халқ сўзи»)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг