Попда мегалойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилди

12:13 01 Декабрь 2021 Жамият
841 0

Фото: «Халқ сўзи»

Умумий қиймати 85 миллиард сўмга тенг мазкур лойиҳа таркибидаги  "Shofirkon ekvatorial teks" масъулияти чекланган жамиятининг тикувчилик корхонаси Поп туманидаги “Анҳор” маҳалласида жойлашган. Унинг биринчи босқичи ишга туширилиши билан дастлаб 500 кишини ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш имконияти юзага келди. Асосий қисми “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатидаги фуқаролардан иборат бу ишчилар эндиликда тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш билан шуғулланадилар.

Янги корхона собиқ  “Узрубероид” МЧЖнинг  йиллар давомида бўш турган бинолари ўрнида барпо этилди. Реконструкциядан сўнг ишлаб чиқаришга  мослаштирилган бино ва иншоотлар  Япония, Туркия, Италия ва Хитой давлатларидан келтирилган  замонавий технологиялар билан жиҳозланди.

Куни кеча тақдимоти ўтказилган корхонада йилига 4 миллион дона жинси маҳсулотлари тайёрланади. Унинг 70 фоизини ташқи бозорга чиқариш орқали 28 миллион АҚШ долларига тенг экспорт амалиётлари бажариш кўзда тутилган. Бу – бошланиши. Лойиҳа давом эттирилиб,  кейинги йилда  кроссовкалар ишлаб чиқаришга киришилади. Қўшимча равишда яна 200 кишининг бандлигини таъминлаш ҳисобига йилига 600 минг дона замонавий бичимда, сифатли пойабзаллар тайёрланади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер