Полшадаги янги элчимиз ишонч ёрлиғи нусхасини топширди

16:19 23 Ноябрь 2023 Сиёсат
397 0

Ўзбекистоннинг Полшадаги янги тайинланган элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири Збигнев Рауга ишонч ёрлиғи нусхасини тақдим этди. Учрашув давомида вазир 2022 йил июнь ойида амалга оширилган Тошкент ва Самарқандга ташрифини, Президент Шавкат Мирзиёев билан кечган мулоқотни самимият билан ёдга олди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Полша ҳамкорлиги, айниқса, савдо-иқтисодий соҳада сезиларли даражада мустаҳкамланиб, янги, амалий мазмун билан бойигани, Европанинг мазкур давлати ишбилармон доиралари вакилларида ўзбекистонлик шериклар билан алоқани ривожлантиришга қизиқиш ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Полша ташқи сиёсат идораси раҳбари тўқимачилик саноатидаги ҳамкорлик истиқболини юқори баҳолар экан, юртимиздан ярим тайёр ва тайёр енгил саноат маҳсулотлари экспорти ҳар томонлама рағбатлантирилишини маълум қилди.  

Икки давлат яқин маданий-гуманитар алоқага эгалиги, 2024 йил февралдан Варшава – Тошкент – Варшава йўналиши бўйича мунтазам тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилиши диёримизга келаётган полшалик сайёҳлар сони кўпайиши, ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланишига хизмат қилиши таъкидланди.  

Эслатиб ўтиш жоиз, элчи Амирсаид Аъзамхўжаев 7 ноябрь куни Варшавага келган. Тошкент Давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган 38 ёшли дипломат бунга қадар Ташқи ишлар вазирлиги консуллик ва юридик бўлимида ишлаган, Истанбулдаги Бош консуллигимизда консул, 2020 йилдан Бош консуллик раҳбари лавозимида фаолият юритган.  

У 2015 йилдан муваққат ишлар вакили, 2019 йил май ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида Варшавадаги дипломатик миссия раҳбари бўлиб ишлаган Баҳром Бобоев ўрнига тайинланди.  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер