Покистон дипломатик миссияси раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аҳмад Фарук билан учрашди.
Мулоқот чоғида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлашнинг ижобий динамикаси қайд этилди.
Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари алоҳида кўриб чиқилди. Кейинги йилларда юк ташиш ҳажми қарийб 5 баробар ошгани қайд этилди. Транспорт инфратузилмасини ривожлантиришни назарда тутган ҳолда мавжуд бўлган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни кўришга келишилди.
Учрашув якунида томонлар режага киритилган ва янги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш бўйича келгусидаги ҳамкорлик форматини келишиб олдилар ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштиришга ўзаро интилишларини тасдиқладилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг